Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Давлат рақобат қўмитасининг қимматли қоғозлар бозорини ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш борасидаги барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Агентлик ўз фаолиятида Бош вазирга бўйсунади ҳамда фонд биржаларининг фаолиятини, қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензияловчи орган ҳисобланади.
Қарор билан, бюджетдан ташқари Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди.
2019 йил 1 сентябргача қонун ҳужжатларига қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек, Агентликнинг кўрсатмаларини бажармаганлик учун юридик шахсларга нисбатан жарималар қўллаш ва маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Қонун ишлаб чиқилади.
2019 йил 20 декабргача Капитал бозорини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.