Йил якунлари бўйича компания фаолиятининг натижалари танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, суғурта фаолиятини келгусида янада такомиллаштириш йўллари белгилаб олинди, компания иш режаларига зарур қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
2015 йил давомида компания томонидан 634 413 суғурта шартномалари тузилиб 57,8 млрд. сўм суғурта мукофотлари жамланди. Суғурта мукофоти тушуми ҳажми ўтган йининг шу даврига нисбатан 137,6% ташкил қилди.
Компания томонидан аҳоли, корхона ва ташкилотларга кўрсатилган суғурта хизматларининг умумий ҳажми ҳисобот йилида салкам 29,5 трлн. сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 195,3 фоизга кўп демакдир.
Алоҳида қайд этиш жоизки, компания мажбурий суғурта турлари бўйича хизмат кўрсатишда суғурта бозорида пешқадамлардан ҳисобланади. Ҳусусан, 2015 йил якунига кўра транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича салкам 14,9 млрд. сўм суғурта мукофотларини жамлашга эришди ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган суғурталовчилар ўртасида 2-ўринни эгаллади. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича ҳам кенг кўламли ва салмоқли ишлар амалга оширилиши натижасида ҳисобот даврида компания томонидан 9,3 млрд. сўмга яқин суғурта мукофотлари жамланди ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган суғурталовчилар ўртасида компаниямиз 2-ўринни эгаллади.
Компания аҳоли, корхона ва ташкилотларга янада яқин бўлиш мақсадида хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтирмоқда ҳамда ҳар бир мижознинг замонавий талабларига жавоб берувчи суғурта турларини тақдим этиб келмоқда. Мижозларнинг талаб ва истакларини қондира оладиган янги йўналишлар ва суғурта турларини яратиш устида доимий равишда иш олиб борилмоқда. Ҳусусан, ҳисобот даврида «Автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ ускуналарини суғурталаш», «Ҳайдовчиларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Абитуриентларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Маиший техника ва электроникаларни суғурта қилиш», «Қамчиқ довонидан ўтувчи транспорт воситаларини комплекс суғурта қилиш» каби янги суғурта турлари ишлаб чиқилиб амалиётга тадбиқ этилди. Шу билан бирга, «Кексаларни қадрлаш ва эъзозлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ компания томонидан қўшимча «Нуроний» ва «Файзли хонадон» номли янги суғурта хизматлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилинди.
Компания тизимида ҳодимларни танлаш, уларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва жой-жойига қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2015 йилда Компаниянинг минтақаларида янги бўлинмалари очилиши ҳамда структура ўзгариши натижасида 28 иш жойи ташкил этилди. Бундан ташқари, компания минтақавий бўлинмаларига 59 суғурта агентлари қабул қилинди. Жами 87 янги иш ўринлари очилди. Компания томонидан 2015 йил даврида 10,4 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари амалга оширилди. Ҳисобот даврида жами 3982 та ариза бўйича суғурта тўловлари амалга оширилган бўлиб, бу ўрта ҳисобда кунига 11-12 та суғурта тўловлари амалга оширилганлигидан далолат бермоқда.