KAFIL-SUG‘URTA устав капиталига 20 млрд сўм оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АЖ KAFIL-SUG‘URTA устав капиталини 60,701 млрд сўмдан 80,701 млрд сўмгача оширади. Бу ҳақдаги маълумотлар Корпоратив ахборотнинг ягона порталида келтирилган.
Суғурта компанияси қиймати 1 000 сўмдан бўлган 20 млн дона қўшимча оддий номли қоғозсиз акциялар чиқаради. Эмиссиянинг умумий қиймати 20 млрд сўмни ташкил этади.
Акциялар ёпиқ обуна усулида ягона акциядор — “KICHIK SANOAT MARKAZI” МЧЖга жойлаштирилади. Жойлаштириш давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 365 кун ичида якунланиши режалаштирилган.
Жойлаштириш нархи бир акция учун 1 000 сўм этиб белгиланган, тўлов фақат миллий валютада, нақд пулсиз шаклда амалга оширилади. Акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқ берилмайди, шунингдек, андеррайтерлар жалб этилмайди.
Жойлаштириш биржадан ташқари бозорда тўғридан-тўғри битимлар орқали амалга оширилади. Агар чиқарилган акцияларнинг 60 фоизидан кам қисми жойлаштирилса, эмиссия амалга ошмаган деб ҳисобланади ва сарфланган маблағлар инвесторга қайтарилади.