Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 30/07/2018 “K-Data” агентлиги IUT га 500 минг долларлик дастурни тақдим этди
“K-Data” агентлиги IUT га 500 минг долларлик дастурни тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жанубий Кореянинг “Korea Data Agency” (K-Data) агентлиги Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига маълумотлар базасини мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш учун қарийб 500 минг долларлик дастурий таъминотни тақдим этди.

Бош менежер Жун-хюн Ли раҳбарлигидаги “K-Data” делегацияси 2018 йилнинг 25 июль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га ташриф буюрди.

Ташриф доирасида “K-Data” агентлиги IUT маъмуриятига “Wise Intelligence” ва “Exem” томонидан ишлаб чиқарилган маълумотлар базасини мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш бўйича бепул лицензияларни тақдим этди.

Корея компанияларининг дастурий таъминотлари маълумотлар соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш учун фойдаланилади.

Жанубий Корея делегацияси ташрифи доирасида IUT нинг биринчи проректори Чо Ву Суг ва “K-Data” агентлиги Бош менежери Жун-хюн Ли ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, томонлар маълумот соҳасидаги талабалар ва тадқиқотчиларнинг малакаси ва кўникмаларини биргаликда оширишни мўлжалламоқдалар.

Шунингдек, IUT ва “K-Data” агентлиги маълумотлар соҳасидаги қўшма тадқиқотлар ва лойиҳаларни, шу жумладан очиқ маълумотлар, маълумотларни таҳлил қилиш, маълумотларни бошқариш, маълумотлар сифати ва бошқалар каби соҳаларда амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ҳамкорлик соҳаларидан бири ахборот соҳасидаги билим, тажриба ва ахборот алмашиш учун турли конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш бўлади.

Университетга ташриф давомида “K-Data” агентлиги вакиллари IUT даги ўқув жараёни билан танишдилар. Шунингдек, улар IUT ўқитувчилари ва профессорлари учун яратилган шарт-шароитларни шахсан кўриш имконига эга бўлишди.

“Korea Data Agency” Корея Республикасининг давлат агентлиги ҳисобланади. У ахборот саноатини ривожлантириш, маълумотлар ёрдамида янги бизнес йўналишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун маъсулдир. Агентлик шунингдек, стартап-лойиҳаларни инкубация қилиш бўйича хизматлар кўрсатади.

Агентлик шунингдек, университетлар учун турли маълумотлар базаси дастурларини бепул тақдим этади. “K-Data” агентлиги маълумотлар базалари асосида мутахассисларни сертификатлаш бўйича хизматларни ҳам кўрсатади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг