Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун “Янгиланаётган божхона: “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар” мавзусида навбатдаги пресс-тур ташкил қилинди.
Тадбирда бир гуруҳ журналистлар пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Сирғали” божхона пости ва бир қатор экспортёр корхоналарда бўлишди.
Тадбир аввалида журналистларга “Рақамли Ўзбекистон божхонаси” кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Янги Ўзбекистон - янги дунёқараш. Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалтириш каби бир қатор эзгу ғоялар мужассам.
Бугун юртимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилинг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда.
Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.
Аҳамият беринг, божхона назоратида илғор технологияларни тадбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.
Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Президент Фармонининг мазмун-моҳияти ҳам пресс тур давомида муҳокамалар марказида бўлди.
Мазкур Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб божхона назоратини олиб боришда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолияти йўлга қўйилди.
Пресс турда журналистлар “Сирғали”ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.
“Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йилнинг 9 ойи давомида 36 379 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 2 трлн. 336 млрд.сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.
Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 344,4 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, 10 ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом-ашё, технологик асбоб ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 931,4 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.
Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, ўтган даврда 227 та ҳолатда 1 млрд 948 млн. сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишини олди олинган. Улар бўйича 8,1 млрд сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.
Божхона пости тасарруфида 33 та божхона омборлари мавжуд бўлиб, 29 таси очиқ, 4 таси ёпиқ турдаги божхона омборлар ҳисобланади.
Мазкур божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган бўлиб, видеотасвирларни ойлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд.
Пресс турнинг навбатдаги манзили Тошкент шаҳар, Сирғали туманида жойлашган “Aysel Energy” қўшма корхонаси бўлди. Бу ерда журналистлар корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жааёнлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, экспорт-импорт жараёнлари, корхонанинг келгусидаги лойиҳалари бўйича маълумотлар берилди.
Корхона юқори ва паст кучланишли ускуналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда бу ерда 165 нафар ишчилар хизмат қилади. Корхонада йилиги 100 минг дона юқори ва паст кучланишли ускуналар ишлаб чиқарилиб, ички бозорга йўналтирилади, қолаверса хорижий мамлакатларга экспорти амалга оширилади. Корхона ҳудуди 3 минг квадрат майдонда жойлашган бўлиб, лойиҳа қиймати 8 млн. еврони ташкил этади.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали хорижий бозорларга йўналтирилади.
Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.