Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 18/03/2019 Жорий йилнинг июль ойида Тошкент Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионатига мезбонлик қилади
Жорий йилнинг июль ойида Тошкент Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионатига мезбонлик қилади

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Умид Аҳмаджонов Осиё каратэ федерациясининг бош менежери Винсент Ченни қабул қилди. Суҳбатнинг бош мавзуси эса каратэ WKF бўйича Ўзбекистонда ўтадиган Осиё чемпионати бўлди. Музокарада МОҚнинг биринчи вице-президенти Аҳмаджон Раҳимов, МАДА (миллий антидопинг агентлиги) бош директори Нодиржон Турсунов ва Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев ҳам иштирок этишди.

Суҳбат давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатини юқори савияда қабул қилишига тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

“Биринчи навбатда Ўзбекистонга ташриф буюрганинингиз билан қутлайман. Ишонч билан айта оламанки, Осиё каратэ федерацияси Олимпиадага лицензия берадиган Осиё чемпионатини бизга ишониб топширса, биз уни юқори савияда ташкиллаштириб берамиз. Куни кеча муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан яхши ниятларда кўп тармоқли “Ҳумо арена” саройи очилди. Қитъа биринчилигини айнан у ерда ўтказишимиз ҳам мумкин. Сизни ўз инфраструктурамиз билан ишонтира оламанки, биз яна бир бор ушбу турнирга муносиб мезбонлик қилишга тайёрмиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Ўз навбатида Осиё каратэ федерацияси бош менежери Винсент Чен ҳам айнан инфраструктура билан танишиш ва шу юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида Тошкентга келганини таъкидлаб ўтди.

“Ўзбекистон 2012 йили каратэ WKF бўйича Осиё чемпионатини қабул қилган ва бу борадаги имкониятларингиздан хабардормиз. Бироқ олдинда кутиб турган қитъа биринчилиги Токио-2020 Олимпиадасига лицензия бериши билан янада катта қизиқишга сабаб бўлади. Қитъа чемпионатидан аввал биз Тошкентда Осиё каратэ федерациясининг навбатдаги Конгрессини ҳам ташкил қилмоқчимиз. Шу боис инфраструктура билан танишиш, меҳмонхоналарни кўздан кечириш, делегацияларни кутиб олиш жараёни қай тартибда бўлишини ўрганиш ниятида шахсан ўзим Тошкентга келдим. Умид қиламанки, бўлажак Осиё чемпионати Тошкент учун унутилмас воқеликлардан бири бўлиб қолади”, – деди Винсент Чен.

Ўзаро музокаралар давомида Тошкент мезбонлигида Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионати жорий йилнинг июль ойида ўтиши белгиланди.

Умид Аҳмаджонов анъаналарга содиқ қолган ҳолда суҳбат якунида меҳмонга эсдалик совғаларини тақдим қилди.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг