Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Фарғона вилояти тарихий обидалари, замонавий иншоотлари, айниқса, мафтункор табиати билан сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
“Ўтган йили 61 минг 200 нафар хорижий, 742 минг нафар маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатилди. Германия, Франция, Россия, Италия, Буюк Британия, Япония сингари давлатлардан ташриф буюрувчилар ҳар йилгидан кўпроқ бўлиб, бу 2017-йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар ошган. Тарихий, маданий, зиёрат, агро, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби йўналишларда тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, вилоятдаги 22 туроператорлик фирмалари билан ҳамкорликда саёҳатлар ташкил этилмоқда”, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Музаффар Темиров.
Ўтган йили Марғилон шаҳрида “Атлас”, Қўқон шаҳрида “Silk road Qo’qon”, “Аср”, “Асмалд ҳотел” каби меҳмонхоналар ишга туширилган. Туристларга хизмат кўрсатувчи 10 та ресторан ва умумовқатланиш обекти қурилган. Фарғона халқаро аэропорти, Марғилон ва Қо‘қон темир йўл вокзаллари, Аҳмад Фарғоний истироҳат боғи, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларининг туристлар гавжум 31 ҳудудида “Wi-Fi” зоналар ташкил этилган. Аэропорт, темир йўл вокзаллари ва Марғилон шаҳридаги “Қумтепа” бозори ҳудудида туристик ахборот марказлари фаолият бошлаган.
2019-йилда вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар умумий сонини 1 миллион нафарга етказиш мўлжалланган. Туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида ташаббускор тадбиркорлар маблағи, банк кредитлари, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобидан 58 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу йил Фарғона кўплаб халқаро тадбирларга мезбонлик қилади.
Вилоятда туристик оқим сезиларли даражада кўпайишини ҳисобга олиб, жорий йилда 30 дан ортиқ янги меҳмонхона хизматини ташкил этувчи ташаббускорлар аниқланган. Умумий қиймати 26,2 миллион долларлик 22 инвестиция лойиҳаси шакллантирилиб, ҳозирги кунда уларнинг 10 тасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Манба: Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайти.