Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 Жиззах вилоятида ЯҲМ ҳажми 9,1 фоизни ташкил этди
Жиззах вилоятида ЯҲМ ҳажми 9,1 фоизни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жиззах вилоятида ўтган йили 15 массивда намунавий лойиҳа асосида 690 уй қад ростлади. Замонавий массивларда 22,7 километр ичимлик суви, 14,7 километр электр ва 21 километр табиий газ тармоғи, 9 километр ички йўллар барпо этилди.

2015 йилда вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқларини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, қурилиш ишлари 11,7, жами хизматлар кўлами 17,8, фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 80,1 фоиз, хизматлар улуши 38,8 фоизни ташкил этди.

Вилоятда инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида саноат соҳасида умумий қиймати 254 миллиард сўмлик 213 лойиҳа амалга оширилди. Натижада вилоятда қўшимча 260 миллиард сўмлик 50 дан ортиқ турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 664 лойиҳа, жумладан, чорвачиликда 84, паррандачиликда 23, балиқчиликда 19, асаларичиликда 73 лойиҳа амалга оширилди. Интенсив агротехнологияларга асосланган 1 минг 249 гектар боғ ва 1 минг 844 гектар токзор барпо этилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини кенгайтириш мақсадлари учун тижорат банкларининг 346 миллиард сўмлик маблағи ўзлаштирилди. Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” марказлари орқали 16 турдаги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига асосан 44 минг 158 янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 29 минг 700 га яқини қишлоқ ҳудудлари ҳиссасига тўғри келади. Яратилган иш ўринларининг 14 минг 850 дан ортиғини аёллар, қарийб 22 мингини ёшлар банд этди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида 226 миллиард сўм маблағ сарфланиб, нуронийларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, маданий-маиший хизматлар кўрсатиш сифатини юксалтириш тадбирлари амалга оширилди.

Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Жумладан, рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг 1 минг 300 дан ортиғи 2015 йилда турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмади. Жиззах шаҳри ва Ғаллаорол туманида инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда сотилган 2 иншоотда тадбиркорлар томонидан олинган мажбуриятлар бажарилмади.

Жиззах вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг