Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 19/01/2017 “Жиззах” МИЗдаги корхоналар томонидан 2016 йилда 255,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди
“Жиззах” МИЗдаги корхоналар томонидан 2016 йилда 255,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Жиззах” махсус индустриал зонасидаги корхоналар томонидан 2016 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 255,2 млрд. сўмни, экспорт ҳажми 11,9 миллион долларни ташкил этди.

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган махсус ҳудудда ўтган қисқа муддатда 19 замонавий корхона ишга туширилди.

Иқтисодий зонанинг Жиззах шаҳридаги ҳудудида 363,7 гектар майдонда 14, Сирдарё вилоятидаги филиалининг 150 гектар майдонида 5 лойиҳани амалга ошириш учун 91,3 миллион доллар миқдорида инвестиция сарфланди.

Ҳозирги кунда ҳудудда автомобиллар ва юк машиналари учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, светодиодли лампалар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, Эркин иқтисодий зона учун яратилган бундай қулайлик ва имкониятлар, айниқса, хитойлик сармоядорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 2016 йил декабрь ойида ўтказилган бизнес-форум доирасида хитойлик ва жиззахлик ишбилармонлар 10 лойиҳа бўйича ўзаро келишувларга эришиб, меморандумлар имзолади.

Айни пайтда эркин иқтисодий зона маъмурий кенгаши хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан дастлабки қиймати 213,3 миллион доллар бўлган 25 лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда.

Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида йилига 24 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга “Mingyuan Si Lu Industry” хорижий корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Хитойлик сармоядорларнинг 109,7 миллион долларлик инвестицияси ҳисобидан барпо этилаётган ушбу янги корхона тўлиқ ишга туширилиши билан 391 янги иш ўрни яратилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг