Валюта курслари 03/07/2025
$1 – 12591.71
UZS – -0.67%
€1 – 14821.70
UZS – -1.03%
₽1 – 160.18
UZS – -0.85%
Қидириш
Ўзбекистон 03/07/2025 Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинади

Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи айрим нормаларни чиқариб ташлаш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келяпти.

Шундан келиб чиқиб, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунни “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадида акцияларни акциядорлик жамияти билан бир қаторда акциядорлар ҳам имтиёзли ҳуқуқ асосида (тўғридан-тўғри) сотиб олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, йиғимларни жорий этиш тартиби фақат қонунларда белгиланиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш ваколатини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилмоқда.

Депутатларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ўрмон фонди ерларини онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ фақатгина ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда ушбу ҳужжат ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг