Jilin Shengde Ўзбекистондаги комплекс тараққиётда иштирок этишга тайёр
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Jilin Shengde Investment Group Co., Ltd” компанияси раҳбари Лиу Лижун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Учрашувда вилоятимизда хизмат кўрсатиш, қурилиш йўналишидаги лойиҳалар ва келгуси истиқболлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими ҳудудларда янги массивлар, турар жойлар, кўнгилочар масканлар ва инфратузилма объектлари қурилаётганини, бу жараёнда хорижий компаниялар фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
“Jilin Shengde Investment Group Co., Ltd” компаниясининг қурилиш соҳасидаги илғор тажрибаси ва йирик лойиҳаларни амалга оширишдаги салоҳияти эътироф этилди.
Компания лойиҳа ишлаб чиқиш, режалаштириш, лойиҳалаш, тендер жараёнлари, қурилиш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш каби барча босқичларни қамраб олган тўлиқ иш жараёнини самарали бошқариш имкониятига эга экани маълум қилинди.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича фикр алмашилди.