Валюта курслари 10/04/2025
$1 – 12973.31
UZS – 0.1%
€1 – 14329.02
UZS – 1.25%
₽1 – 151.19
UZS – -0.48%
Қидириш
Ўзбекистон 04/04/2025 Женевада Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди

Женевада Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 апрель куни Женевадаги Миллатлар саройида "Ҳаракат фурсати: гендер тенгликка эришиш учун инклюзив, далилларга асосланган ва ўзгаришларга қаратилган ечимлар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси минтақасидаги Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий форум доирасида ўтказилган ушбу тадбир Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-мақсадини амалга ошириш масалаларига бағишланди.

Давра суҳбатида гендер тенглик соҳасидаги асосий муаммолар ва ечимларни муҳокама қилиш учун етакчи мутахассислар, сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар вакиллари жамланди. Тадбирнинг сиёсатни шакллантиришда гендер маълумотларидан фойдаланишга бағишланган биринчи йиғилиши доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова аёллар ҳуқуқларини мониторинг қилиш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий интеграцияси бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди.

Д.Муратова гендер сиёсатини амалга оширишда комплекс ёндашувнинг аҳамиятини, шунингдек, аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунчилик ва институционал ислоҳотларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Гендер тенгликка эришиш йўлида узоқ муддатли барқарорлик ва сиёсий қатъиятни таъминлаши мумкин бўлган механизмлар алоҳида роль ўйнашига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, муҳокамаларда Арманистон, Албания, Испания, Австрия, Молдова каби давлатлар, шунингдек, “БМТ-Аёллар” ва ЮНФПА халқаро ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мунозаралар асносида илғор тажрибалар алмашиниб, гендер тенглик соҳасидаги долзарб муаммолар атрофлича таҳлил этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда тасвирга олинган ва давлат дастурлари орқали қўллаб-қувватланган хотин-қизларнинг ҳаёт йўлларида эришган муваффақиятларига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Бу гендер тенгликка эришиш бўйича энг мақбул амалиётларни тарғиб қилишга қаратилган «Unstoppable» («Тўхтатиб бўлмайдиган») глобал кампаниясининг ўзига хос узвий бир қисми бўлди.

Давра суҳбати якунида Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-мақсадини амалга ошириш йўлида натижадорликка эришишни жадаллаштириш учун истиқболдаги қадамлар ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни келгусида изчил давом эттиришга ҳамда ўзаро тажриба алмашишга тайёрлигини билдирдилар.

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) 1947 йилда ЭКОСОС томонидан ташкил этилган. У БМТнинг бешта минтақавий комиссиясидан бири ҳисобланади. БМТ ЕИКнинг асосий мақсади умумевропа иқтисодий интеграциясига кўмаклашишдир.

БМТ ЕИК таркибига Европа, Шимолий Америка ва Марказий Осиёдаги 56 та аъзо давлат киради. БМТ ЕИК фаолиятида 70 дан ортиқ халқаро профессионал ташкилот ва бошқа нодавлат ташкилотлар иштирок этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг