Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро келишувлар доирасида бир гуруҳ Жанубий Кореялик давлат хизматчилари миллий тараққиётимизнинг бой тажрибасини ўрганиш мақсадида қисқа муддатли ўқув-стажировка ўташ учун юртимизга ташриф буюрди.
Мазкур дастур, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ўқув-стажировка дастурнинг очилиш маросими ташкил этилди.
Тадбирда Академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари, вазирлик-идора раҳбарлари ва ходимлари иштирок этдилар.
16 нафар Жанубий Кореялик давлат хизматчилари учун мўлжалланган ўқув-стажировка қўшма дастурининг очилиш маросимида сўз олган Давлат бошқаруви академияси Илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Алишер Умаров йиғилганларга ҳамкорлик алоқалари ҳамда мазкур ўқувларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Жорий йилнинг июль ойида Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёльнинг юртимизга ташрифи чоғида, “Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион шерикликнинг янги даври” бошланмоқда”, – дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.
Давлатлар ўртасидаги конструктив алоқаларнинг ифодаси ўлароқ, Давлат бошқаруви академияси ва Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти ўртасида кўплаб амалий ишлар ташкил этилган. Хусусан, ҳамкорликда давлат хизматчиларининг Ўзбекистон ва Корея Республикаларида стажировка ўташлари, икки давлат мутахассислари иштирокида онлайн ва оффлайн семинар-тренинглар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш тизими мана 6 йилдирки самарали ишлаб келмоқда.
2023 йилнинг декабрь ойида давлат хизматчилари ва Академия профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Корея Республикасида бўлиб, давлат бошқарувининг Корея тажрибасига доир билимларни ўзлаштириб қайтган эдилар. Ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан шу кунга қадар турли дастурлар доирасида 500 га яқин Ўзбекистон ва Корея давлат хизматчилари учун ўқувлар ташкил этилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Академия ректори Адхам Бекмуродовнинг Кореяга, жорий йилнинг май ойида эса, NHI Президенти Ким Че Хваннинг Академияга шахсан ташрифи мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилганлигидан далолат беради — деди А.Умаров.
Дастурнинг дастлабки кунлари стратегиялашнинг замонавий технологиялари, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясини амалга оширилиши, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш масалалари ва истиқболли тизими, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари, Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси тажрибаси каби мавзуларда ўқувлар ташкил этилиб, Жанубий Кореялик меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан ўзаро тажриба алмашадилар.
Хорижлик меҳмонлар давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳоли билан ишлаш шу ва бошқа йўналишларидаги амалий ишлар билан танишиш мақсадида вазирлик-идоралар, ҳокимликлар ва ҳудудларга чиқиб, юртимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишадилар.
Эслатиб ўтамиз, Корея Республикаси давлат хизматчилари учун мўлжалланган стажировка дастури жорий йилнинг 4 ноябридан 9 ноябрига қадар ўтказилади.