IUT нинг биринчи проректори, профессор Чо Ву Суг меҳмонларга ахборот технологиялари соҳасида мутахассисларни тайёрлайдиган Ўзбекистон-Корея университетининг фаолияти, ўқитувчи ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар, шунингдек, университетнинг ўқув дастури тўғрисида батафсил маълумот берди.
Тақдимотдан шунингдек, IUTнинг ўқув дастурини такомиллаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш тўғрисидаги режалари ҳам ўрин олганди, жумладан турли йўналишларда, айниқса дастурлаш бўйича ёшларнинг билимларини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари ўрин олганди.
Ўз навбатида, Ли Ян Чун “Jeonbuk” технопаркининг фаолияти тақдимотини ўтказди. Технопарк 2013 йилда ташкил этилган. Технопаркда турли илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда ишлаб чиқариш компаниялари фаолият кўрсатади.
Қайд этилдики, “Jeonbuk” технопарки раҳбарлигидаги консорциум қишлоқ хўжалиги техникасини лойиҳалаш бўйича “R&D” марказни яратиш бўйича лойиҳани амалга оширади. Лойиҳанинг баҳоси 6,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида корея томони ускуналар ва дастурий таъминотларни етказиб беради, ҳамда маҳаллий мутахассисларни ўқитиб беради.
Музокаралар давомида томонлар мазкур лойиҳани амалга оширишга университет талабаларини жалб этиш масаласини муҳокама қилдилар. Томонлар, шунингдек бошқа соҳаларда, жумладан, тадқиқотлар ўтказиш ва тажриба алмашиш бўйича ҳам ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишди.
Делегация шунингдек, ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.