Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Меҳмонхоналар қурилиши давлат томонидан субсидиялаш тартиби кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Давлатимиз томонидан дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш қисман молиялаштириши ҳақида олдин ҳам хабар берган эдик.
2019-йил 5-январдаги Президентимизнинг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа билан янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларнинг харажатларини ҳамда ташкилотларни таниқли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш бўйича франчайзинг харажатларини қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланиши кўзда тутилган.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси https://regulation.gov.uz/ru/document/2695 электрон манзили орқали муҳокамага қўйилди.
Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.