Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 13/04/2023 Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ривожланаётган мамлакатларга қандай наф келтирди ва Ўзбекистон нималарга эътибор қаратиши лозим?
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ривожланаётган мамлакатларга қандай наф келтирди ва Ўзбекистон нималарга эътибор қаратиши лозим?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзо бўлиш дунё мамлакатлари иқтисодиётига қандай таъсир этганини таҳлил қилди.

Бунда ЖСТга 1990-йилдан кейин аъзо бўлган 15 та ривожланаётган мамлакат - Албания, Баҳрайн, Бангладеш, Камерун, Грузия, Гондурас, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғилистон, Непаль, Россия, Шри Ланка, Туркия ва Вануатунинг экспорт ва импорт, ЯИМнинг ўсиши, инфляция, ишсизлик, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг (ТТХИ) ЯИМдаги улуши ва ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши каби макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу 15 та мамлакатдан 12 тасида экспортнинг, 10 тасида эса ЯИМнинг ўсиш суръати тезлашган. 12 тасида инфляция секинлашган ва 10 тасида ТТХИ кўлами ошган. Бангладеш, Гондурас, Туркия ва Камерунда кўпчилик йўналишлар бўйича ижобий натижа кузатилган.

Шу билан бирга, салбий тенденция ҳисобланган ишсизлик даражаси 15 та мамлакатдан 10 тасида ошган. Масалан, Бангладешда ишсизлик 2,3%дан 3,5%га, Гондурасда 3,4%дан 4,4%га, Қирғизистонда 6,8%дан 8,7%га ошган. Ушбу мамлакатларнинг 2 тасида ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши ошган бўлса, 6 тасида камайган.

Шунингдек, ташкилотга аъзо бўлган Қозоғистон, Туркия ва Грузиянинг макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ЖСТга аъзо бўлмаган шундай мамлакатлардаги ўзгаришлар

билан қиёсланди. Натижаларга кўра, сезиларли ижобий ўзгариш фақат экспорт ва импортда кузатилган. Қолган йўналишлардаги кўрсаткичлар деярли фарқ қилмаган. Масалан, Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин ишсизлик даражаси 5,3%дан 4,9%га пасайган. Озарбайжонда ҳам айнан шу даврда 5,2%дан 4,9%га камайган, Ўзбекистонда эса 5%дан 5,6%га ошган. 

Таҳлил натижаларини инобатда олган ҳолда Ўзбекистон учун қуйидаги чора-тадбирларни тавсия этиш мумкин:

- ташқи дунё билан эркин рақобатлаша оладиган ишлаб чиқариш соҳаларини танлаб олиш ва уларни узоқ муддатли ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш;

- узоқ муддатли самарали саноат стратегиясини шакллантириш (масалан, Европа Иттифоқи ўз саноат сиёсатининг асосий тамойилларини белгилаб қўйган);

- корхоналарнинг ташқи рақобатга бардошлилик кўрсаткичи бўйича доимий равишда ўзини-ўзи мониторинг қилиб боришига туртки берувчи механизмларни қўллаш.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг