Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 01/10/2022 Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) га аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) га аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши асосий макроиқтисодий мувозанатга қандай таъсир кўрсатишини баҳолади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши узоқ давом этаётган жараён. 

2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 97-мақсадида ҳам ЖСТга аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганишга алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ташқи рақобатбардошликни кучайтириш, шу билан бирга бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштириш учун замин яратиши мумкин. 

Аммо, тарифларнинг пасайтирилиши туфайли ЖСТ га аъзо бўлиш маҳаллий ишлаб чиқаришнинг заиф тармоқларига салбий таъсир қилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. 

Тадқиқотда ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шарти сифатида Ўзбекистондаги тарифлар даражасини ЖСТга аъзо давлат бўлган Қозоғистон даражасига тушириш кўзда тутилган (тарифларнинг ўртача даражасини амалдаги 7,4 фоиздан 5,7 фоизга тушириш).

Таҳлил натижасида қуйидагилар аниқланди:

1. Тарифлар ва ички нархларнинг пасайиши туфайли экспорт жозибадорлиги ошиши ҳисобига экспорт ҳажми 0,06 фоизга ортиши ва ички товарлар таклифи 0,03 фоизга камайиши мумкин.

2. Импорт ҳажми 0,06 фоизга ортади ва маҳаллий товарларга бўлган талаб 0,03 фоизга камаяди.

3. Давлат бюджети даромадларининг қисқариши ҳисобига жами жамғармалар 0,35 фоизга камаяди.

4. Жамғармалар ҳажмининг камайиши ҳисобига инвестициялар даражаси 0,16 фоизга пасайиши мумкин.

5. Ички нархларнинг пасайиши оқибатида истеъмол ҳажми 0,11 фоизга ортади.

Моделнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биринчи босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва бунинг натижасида тарифларнинг пасайтирилиши маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабнинг маълум даражада пасайишига олиб келади. 

Бу эса ўз навбатида, маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириш заруратини келтириб чиқаради. Акс ҳолда хорижий компаниялар билан нарх рақобатига дош бера олмайдиган самарасиз корхоналар бозордан чиқиб кетади.

Янги шароитга муаммосиз ўтишни таъминлаш ва Ўзбекистонда миллий корхоналарни ташқи рақобат шароитига босқичма-босқич тайёрлаш учун янги муҳитни яратиш тавсия этилади. 

Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириши билан тарифларнинг босқичма-босқич пасайтирилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш,

технологик ва кадрлар базасини такомиллаштириш орқали сифатни ошириш, корхоналарнинг нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиши ҳамда истеъмолчиларнинг диди ва нимани маъқул кўришини тизимли равишда ўрганиш учун ўзига хос ишора бўлади. 

Бунда йирик компанияларнинг ЖСТга кириш шартларига тайёрлик индексини йиллик баҳолаш амалиётини жорий этиш самарали механизм бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, тадқиқотнинг ушбу босқичида моделнинг дастлабки натижалари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши умуман олганда қандай самара беришини кўрсатади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг