Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 22/08/2020 Жаҳон парламентлари раҳбарларининг конференцияси
Жаҳон парламентлари раҳбарларининг конференцияси

 

2020 йилнинг 19-20 август кунлари Жаҳон парламентлари раҳбарларининг  конференцияси бўлиб ўтди.

 

Форум БМТ билан ҳамкорликда видеоконференция тарзида ташкил этилди. Саммитда Парламентлараро иттифоққа аъзо 180 та мамлакат парламентлари раҳбарлари иштирок этдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси илк бор иштирок этди.

 

Кенг кўламли халқаро веб-форум глобал даражада тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминловчи самарали кўп томонларама ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилди.

 

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, конференция мавзуси ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этган. Зеро, глобал пандемия барча мамлакатлар, шу жумладан ривожланган давлатлар учун ҳам мисли кўрилмаган синов бўлди. Шу маънода анжуман иштирокчилари уларнинг мамлакатларида Парламент ва халқни яқинлаштириш орқали давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.

 

Ўзбекистон делегацияси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ҳақида маълумот бериш имконига эга бўлди. Таъкидланганидек, бугунги кунда халқ билан мулоқот -  Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг бош мезонига айланган. Шу маънода мамлакатимизда сўнгги йилларда парламентнинг  демократик янгиланиш жараёнларидаги ролини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ошириш, аҳоли ва масъул ижрочиларга қабул қилинган қонунлар мазмун моҳиятини етказиш ва уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш  бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

 

Мунозаралар чоғида иштирокчилар мамлакатимизнинг бу соҳадаги ютуқларини эътироф этдилар. Ўзбекистоннинг аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги ўрнини кучайтириш борасидаги тажрибаси эътиборга лойиқ эканлиги қайд этилди. Айнан Ўзбекистон бу борада сезиларли ижобий натижаларга эришаётгани алоҳида қайд этилди.

 

Шунингдек, иштирокчилар 2030 йилгача бўлган давр учун барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқлим ўзгари муносабати билан юзага келаётган фавқулодда вазият, Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилдилар.

 

Жаҳон парламент раҳбарларининг конференцияси 5 йилда бир маротаба ўтказиладиган нуфузли форум бўлиб, ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта сиёсий аҳамиятга эга.

 

Виртуал конференция якунларига кўра парламентлар бирдамлиги борасидаги декларация қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг