Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари жаҳон каврак (ферула) бозорининг истиқболи ва Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги салоҳиятини ўрганди.
Каврак - асафоэтида халқ табобатида, косметологияда, шунингдек, озиқ-овқат зиравори ҳамда фармацевтика саноатида хомашё сифатида кенг қўлланилади. У дунёнинг жанубий минтақалари - Эрон, Афғонистон, Марказий Осиёнинг қумли ва тошлоқ ҳудудларида ўсади.
2020-йилда асафоэтида хомашёсининг глобал бозори ҳажми 325 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Афғонистон жаҳон бозорига асафоэтида хомашёсининг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади ва 2020-йилда 170,5 миллион долларлик асафоэтида хомашёси экспорт қилинган. Бу жаҳонда ушу хомашё экспортининг 52 фоизи дегани. Асафоэтида хомашёсининг яна бир йирик етказиб берувчиси - бу Эрон.
Дунёдаги асафоэтида ҳомашёсининг 40% ини Ҳиндистон, 15% ини Хитой истеъмол қилади. Бу икки мамлакат асафоэтиданинг энг йирик қайта ишловчилари ҳамдир. Улар асафоэтидани асосан Афғонистон, Эрон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан импорт қилади. Биргина Ҳиндистоннинг ўзи ҳар йили умумий қиймати 100-130 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 1200 тоннага яқин
асафоэтида хомашёсини импорт қилади.
Жаҳон бозорида 1 килограмм асафоэтида хомашёсининг ўртача нархи 150-200 долларни ташкил қилади. Яқин келажакда дунёда асафоэтида истеъмоли йилига ўртача 6% га ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар каврак хомашёсининг бир килограммини 45-50 доллардан экспорт қилмоқда. Бу эса нарх бўйича катта рақобат устунлигига эга эканлигимизни билдиради.
Агар етиштирилган хомашё қайта ишлаб, қадоқланган ҳолда сотилса, хомашёнинг ўзини сотишдан тушадиган даромадга қараганда 5-6 баробар кўпроқ даромад олиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2021-йилда Ўзбекистонда доривор ўсимликлар экспортчилари томонидан қиймати 7,65 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 170 тонна каврак-асафоэтида хомашёси экспорт қилинган.
2022-йилда Ўзбекистонда 12 минг гектардан ортиқ майдонга каврак-асафоэтида экилган.
Бу эса яқин йилларда соҳадаги экспорт салоҳиятини янада кенгайтириши мумкин.
Жаҳон бозори истиқболи ва Ўзбекистоннинг ички салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларда ушбу йўналишни ривожлантиришнинг қуйидаги асосий афзалликларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
- етиштириш учун минимал харажат сарфланиши;
- жаҳон бозорида хомашё нархида нарх устунлигига эгалик;
- ортиқча ишчи кучига эга ҳудудларда қўшимча иш ўринларини яратиш имконияти;
- потенциал даромаднинг сезиларли ўсиши;
- жаҳон бозорида каврак-асафоэтидага талабнинг ортиб бориши.