Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки томонидан мамлакатларнинг статистик салоҳиятини ўрганиш ва баҳолаб бориш мақсадида янгиланган услубиёт асосида ишлаб чиқилган “Статистика фаолияти самарадорлиги индекси” (Statistical Performance Indicators — SPI)нинг 2023 йил натижалари кенг жамоатчиликка эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон мазкур халқаро рейтингда 80,3 балл тўплаб, дунёнинг 217 та мамлакати орасидан 62 ўринни эгаллади. Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида 4 ўринга кўтарилган.
Маълумот учун: 2022 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон мазкур халқаро рейтингда 74,1 балл тўплаб 79 ўринни эгаллаган.
Мазкур индекс мамлакатнинг статистик салоҳияти, эришаётган ютуқлари ва миллий статистика тизимини ривожлантириш борасида олиб бораётган ислоҳотлари натижаларини акс эттиради.
Хусусан, 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг “Статистика фаолияти самарадорлиги индекси”да 62ўринга кўтарилишига хизмат қилган омиллар:
- миллий статистика тизимига сифатни бошқаришнинг илғор тизимлари GSBPM
ва GSIMларнинг жорий этилиши;
- БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) глобал индикаторлари асосида Миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индикаторларини шакллантирилиши ва доимий эълон қилиб борилиши;
- миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг максимал даражада очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан, республиканинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари халқаро статистик тўпламларда ва маълумотлар базаларида акс эттирилиши;
- Ўзбекистонда миллий ҳисоблар замонавий тизими «МҲТ-2008»нинг амалиётга тўлиқ жорий этилиши шулар жумласидан.