Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Умрзаков Жаҳон банкининг молия сектори бўйича миссияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда Жаҳон банкининг молия сектори бўйича бош мутахассиси Валерия Гоффе, Ўзбекистондаги дастур координатори Анастасия Александрова ва қатор мутахассислар, шунингдек, вазирликнинг Давлат активларини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш департаменти вакиллари иштирок этди.
Учрашувда молия секторини ислоҳ қилиш масалалари юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Ўртача муддатдаги натижалар, ислоҳотлар жараёни ва келгуси босқичлардаги устувор йўналишлар кўриб чиқилди.
Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда давлат банкларини хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаб, бу йўналишдаги самарадорликни ошириш бўйича ҳамкорлик муҳим эканига урғу берди.
Муҳокамаларда молия соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича Банк-молия академиясининг салоҳиятини ошириш, давлат банклари учун махсус ўқув курсларини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўтарилди. Жаҳон банки вакиллари бундай ташаббусларнинг аҳамияти юқори эканини қайд этиб, бу орқали молия соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишга эришиш мумкинлигини билдирди.
Бундан ташқари, рақамли трансформация ва суғурта бозорини ривожлантириш каби йўналишлар ҳам муҳокама қилинди. Йиғилиш якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олди.