Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки вакиллари билан MUNIS – Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида кичик ва ўрта бизнес субекларининг инновацион лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув мобайнида Жаҳон банки вакиллари дастурда иштирок этиш учун ариза топширган кичик ва ўрта бизнес субекларининг бизнес ғоялари саралаб олиниши ҳамда лойиҳани тадқиқот ва ишланмалар (R&D) босқичидан бошлаб тижоратлаштириш босқичига қадар бўлган жараёнда ҳамроҳлик қилиш ва биргаликда молиялаштириш механизмлари ҳақида маълумот бериб ўтди.
Ушбу MUNIS лойиҳаси доирасида ҳудудларда кичик ва ўрта бизнес субекларининг инновацион лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида келгусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида MUNIS лойиҳасининг II фазасини шакллантириш ва уни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш ҳамда тегишли таклифлар тайёрлаш юзасидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда инновациялар ва стартап-лойиҳалар экотизими ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш борасида таҳлиллар ўтказиш, мавжуд ҳолатни баҳолаш, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда тегишли амалий таклифлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, Жаҳон банки кўмагида халқаро эксперт жалб қилишга келишилиб олинди.