Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё учун инфратузилма лойиҳалари бўйича минтақавий директори Чарлз Кормиэр бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари, Хуршед Мустафаев, Умид Абидхаджаев ва Самандар Садуллаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, яшил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорликни ошириш, электр узатиш тармоқларини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари ва натижага йўналтирилган дастурлар орқали фаолият олиб бориш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида иссиқлик таъминоти соҳасида трансформация ва кенг ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда барқарор иссиқлик таъминоти тизимини шакллантириш, иссиқлик насосларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорликни оширишдаги муваффақиятли халқаро тажрибалар ва самарали лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган вазифаларни амалга оширишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.