Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 25/04/2016 IUTда Ўзбекистон-Корея Форуми бўлиб ўтди
IUTда Ўзбекистон-Корея Форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, 2016-йилнинг 15-январь куни мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маърузаларида мамлакатимиз ЯИМдаги АКТнинг ҳиссасини ошириш лозимлиги, мамлакатимиз ҳукуматининг фаолиятидаги устувор йўналишларидан бири сифатида «Электрон ҳукумат» тизимини яратишни жадаллаштириш лозимлиги тўғрисидаги вазифалар таъкидланган эди.

Мазкур соҳада дунёнинг етакчи давлатларидан бири сифатида Жанубий Корея тилга олинади, ушбу мамлакатда АКТ соҳасининг ЯИМдаги улуши 11,8 фоизни ташкил этиб, дунёдаги ривожланган мамлакатлардаги ўртача кўрсаткич(5-7 фоиз)дан анча юқоридир.

Шу муносабат билан Жанубий Кореянинг АКТни ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибаси билан танишиш, шунингдек, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг кўмаги билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 2016-йилнинг 18-апрель куни АКТни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-амалий форуми бўлиб ўтди. Форумни ташкиллаштиришда LG CNS, Samsung ва KT компаниялари яқиндан ёрдам беришди.

Мазкур Форумда иштирок этиш учун Корея Республикасининг технологик ривожланиши жараёнида бевосита иштирок этган АКТ соҳасининг нуфузли экспертлари, олим ва етакчи тадбиркорларидан иборат делегация аъзолари ташриф буюришди. Жумладан, делегация таркибида «Скайлэйк Инвестментс Ко» компаниясининг ижрочи директори ва раиси Чин Тедже ҳам бор. Эслатиб ўтамиз, у бир неча йиллар Корея Республикасининг Ахборот ва коммуникация вазирлигига раҳбарлик қилган, ундан аввалроқ эса узоқ йиллар давомида Samsung Electronics Co. компаниясини бошқарганди.

Делегация аъзолари орасида, LG корпорациясининг маслаҳатчиси, Корея тадқиқот фонди бошқарувининг аъзоси ҳамда нано-технологиялар соҳасидаги Тадқиқотлар ассоциациясининг раиси жаноб Хи-Гук Ли ҳам бор эди.

Шунингдек, делегация таркибидан Сеул миллий университети, СангКюнКван ва Похан Фан ва технология университети профессорлари ҳам ўрин олган эди.

АКТни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-амалий форуми иккита сессияга бўлинган эди. Эрталаб ўтган биринчи сессияда маҳаллий IT-бизнес вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида томонлар ишбилармон доиралар ҳамда олий ўқув юртлари ўртасида юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, «LG CNS Uzbekistan» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси директорининг ўринбосари Джи Вук Ким сўз олиб, Ўзбекистонда дастурий таъминотни ишлаб чиқариш соҳасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Куннинг иккинчи ярмида ўтган иккинчи сессия давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари учун ташкил этилган эди. Мазкур сессия қатнашчилари АКТ тармоғини ривожлантиришда давлат сиёсати, АКТнинг миллий иқтисодиётимиз учун муҳимлиги, венчур фондларни ташкил этиш каби масалаларни кўриб чиқишди.

Бундан ташқари, форум иштирокчилари Корея Республикасида АКТнинг ривожланиш босқичлари билан танишиб, IT бозоридаги етакчи компанияларнинг технологик ва бизнес йўналишларини муҳокама қилишди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, форум доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Маслаҳат Кенгашини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасидаги бизнес вакиллари томонидан имзоланди.

Маслаҳат Кенгаши университетга барча соҳаларда, жумладан, университет томонидан замонавий бозор талабларига мос келадиган мутахассисларни тайёрлаш, изланишлар олиб бориш, молиявий ва техник лойиҳаларга кўмаклашувда, инвестициявий лойиҳаларда маслаҳат ва тавсиялар беради.

Маслаҳат Кенгаши аъзолари университетга таълим хизматлари сифатини оширишга ҳамда Ўзбекистонда таълим муҳитини жаҳон стандартлари даражасида шакллантиришга кўмак беришади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг