“Кафолат суғурта компанияси” АЖ ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) англашув меморандумини имзоладилар.
Ушбу ҳужжат доирасида томонлар IUT биносида инновацион суғурта марказини ташкил этадилар. Ушбу марказ суғурта бизнесини автоматлаштиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширади.
Мазкур лойиҳа IUT талабаларининг турли технологиялар ва дастурлардан фойдаланган ҳолда суғурта бизнесининг турли йўналишлари учун дастурлашга боғлиқ кўникмаларини янада яхшилашга кўмак беради.
Меморандумга асосан, лойиҳа 2017-2018-ўқув йили давомида амалга оширилади.
Мемораднум доирасида “Кафолат суғурта компанияси” АЖ суғурта компаниясининг фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган IUT талабаларининг махсус дастурлари, дастурий маҳсулотлари ва ечимларини кўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
IUT ректори Сарвар Бабаходжаев: “Биз Ўзбекистон суғурта бозорининг етакчи компанияларидан бири билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Бу ўз навбатида юқори малакали IT-мутахассисларни, шу жумладан, суғурта соҳаси учун, тайёрлашга кўмак беради. Марказнинг яратилиши суғурта бозорига инновацион ва ахборот технологияларни татбиқ этишга кўмак беради, бу эса ўз ўрнида АКТ ва суғурта бозорларини ривожлантиришга туртки бўлади”.
Таъкидлаб ўтиш керакки, “Кафолат суғурта компанияси” АЖ ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети муваффақиятли ҳамкорлик амалиётига эгалар. 2016-йилда томонлар талабалар ўртасида суғурта компаниясининг мобил иловасини тайёрлаш бўйича танлов ўтказдилар.
Танлов давомида IUT талабалари Android ва iOS платформаларида “Кафолат суғурта компанияси” АЖнинг мобил иловаларини яратдилар ва жорий этдилар.