Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев ва МДҲ давлатлари бўйича “SAP”нинг Бош директори Илья Юрьев Тошкентда музокаралар ўтказишди.
Учрашув давомида томонлар корпоратив иловалар бўйича дунёда етакчи компаниялардан ҳисобланган “SAP” ҳамда IUT ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди.
Сарвар Бабаходжаев ва Илья Юрьев “SAP”нинг глобал академик дастури – SAP Альянс Университетида иштирок этиш масаласини кўриб чиқишди.
Ўзбекистондаги компания ва ташкилотларда “SAP” иловаларини тадбиқ этиш кўпайганлиги сабабли, томонлар Германия компаниясининг дастурлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш борасида фикр алмашишди.
SAP — корпоратив иловалар бўйича дунёда етакчи компаниялардан биридир. Компания турли шакл ҳамда ихтисослашувдаги ташкилотларга, хоҳ у ёрдамчи хизмат ёки директорлар кенгаши, омборхона ёки дўкон, статик ёки мобил илова бўлсин, ўз бизнесини самарали бошқаришга кўмак беради.