Жорий йилнинг 25-июль кунидан 12-август кунигача IUTнинг 10 нафар талабаси Корея Республикасидаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган халқаро ёзги мактабда иштирок этдилар. Ёзги мактабда 63 та университет ва 20 та мамлакатдан 300 нафарга яқин талабалар иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамиз, ёзги мактабга IUT талабалари университетнинг ички танловлари асосида танлаб олинди. Ушбу танлов ғолиблари Корея Республикасидаги Инҳа университети ёзги мактабда бепул иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. 10 та танловдан 5 таси ахборот-коммуникация технологияларидаги тизимларни яратиш билан боғлиқ бўлса, қолган 5 таси талабаларнинг инсоний фазилатларини яхшилаш ва маънавий-маърифий мавзуларга бағишланган эди.
Ёзги мактабда иштирокчилар “Корея бизнес тизими ва иқтисодиёти”, “Бизнесда инглиз тили”, “Шарқий Осиё сиёсати ва халқаро алоқалар”, “Замонавий келажак технологиялари” ва бошқа мавзулардаги қўшимча ўқув курсларида иштирок этишди.
Нодира Ибрагимова: “Ёзги мактабда биз “Глобал бизнес инглиз тили”, “Шарқий Осиё сиёсати ва халқаро алоқалар” ва бошқа фанлар бўйича ташкил этилган дарсларда иштирок этдик. Шубҳасиз, ёзги мактаб бизнинг билимларимизни оширишга ёрдам берди. Дарслар доирасида Гангва оролига бордик. Дарсларда хориждан келган талабалар билан гуруҳларга бўлиниб ишладик. Биз улар билан дўстлашдик ва мамлакатларимиз, маданиятимиз ва урф-одатларимиз ҳақида маълумотлар алмашдик”.
Талабалар шу билан бирга Кореянинг маданияти ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Жумладан, улар Корея миллий кийими ва таомлари, K-Pop рақси ва қўшиқлари билан маданият дарслари доирасида танишдилар. Талабалар “Зангори уй” номи билан машҳур Президент резиденцияси, Кёнбоккун саройи, Намсан тоғидаги Сеул минораси, Йонъиндаги Everland паркига ҳам бордилар.
Шахзод Боҳиджонов: “Ёзги мактаб ташкилотчилари Кореянинг туристик объектларига ташрифларни ҳам ташкил этдилар. Биз Сеулдаги Кёнбоккун саройи ва Инчеондаги Songdo-dong паркига, ҳамда бошқа диққатга сазовар жойларга бордик. Шу билан бирга, биз маҳаллий жамоалар иштирокидаги бейсбол ўйинини томоша қилдик. Ташкилотчилар дастурни яхши ташкил этдилар ва бизни кореяликлар ҳаёти, маданияти ва тарихи билан таништирдилар. Дастур жуда ҳам қизиқ ўтди ва маълумотга бой бўлди”.
Талабалар Нанта-шоу дастурини ҳам томоша қилдилар. “Нанта-шоу – комик, мусиқий ва кулинар номойишдир. Унда сўзлар йўқ ва Кореянинг Самульнори анъанавий ритмларига асосланган. Намойиш жуда қизиқ бўлди. Намойишда бошқарувчи ошпазларга тўйга овқат тайёрлашни буюради ва уларга овқат пиширишни билмайдиган жиянини қолдиради. Бу эса қизиқ ҳодисаларга олиб келади,” – деди Жаҳонгир Баҳодиров.
Ёзги мактаб иштирокчилари Корея маданияти танловида иштирок этдилар. Ўн бешга яқин гуруҳлар Жанубий Корея маданияти, мусиқаси ёки рақсига боғлиқ намойишлар тақдим этдилар.
Фарангиз Нишонова: “Аввалом бор, мен Ўзбекистон ҳукумати ва университет раҳбариятига шундай ёзги мактабларда иштирок этишга шароит яратиб бераётганликлари учун ташаккур билдираман. Ёзги мактаб доирасида биз Корея маданияти танловида иштирок этдик. Биз ўз номойишимизда Жанубий Кореяга ташрифимиздан олган таассуротларни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биз иштирокчиларга ўзбек мусиқаси, корея қўшиғи ва замонавий рақс тақдим этдик”.
Мунаввара Ҳусниддинова: “Мен Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари келажакдаги ёзги мактабларда иштирок этишларига маслаҳат бераман. Ёзги мактабдаги дарслар менинг ўз имкониятларимни амалга оширишга шароит яратади. Ёзги мактаб хорижлик янги дўстларим билан фикр ва тажриба алмашишга кўмак берди. Мактаб ўзимга бўлган ишончнинг ошишига ҳам ёрдам берди”.