Бангладешнинг Тошкентдаги дипломатик миссияси раҳбарининг Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташрифи олий ўқув юрти билан танишиш ва икки мамлакатларнинг университетлари орасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларини муҳокама этиш мақсадида ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов меҳмонни қутлади ва Ўзбекистондаги хорижий университетлар филиаллари ўртасидаги энг ёш ўқув юрти фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шу билан бирга, у университетнинг инфратузилмаси ва ўқув жараёнларини янада яхшилаш бўйича режалари ҳақида ҳам маълумот берди.
Музокаралар давомида Масуд Маннан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолияти унда яхши таассурот қолдирганлигини, шунингдек у икки мамлакат университетлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда кўмак бериш истаги борлигини айтди.
Томонлар Ўзбекистон ва Бангладеш университетлари ўртасида ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар. Жумладан, улар талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлаш масалаларини кўриб чиқдилар.
Учрашув сўнггида элчи Мосуд Маннан университет ташрифлар китобига ўзининг самимий тилак ва истакларини ёзиб қолдирди.