Эслатиб ўтамиз, қизлар ўртасидаги “Technovation Uzbekistan” дастури бу йил биринчи маротаба Ўзбекистонда ўтказилди.
Дастурда 21 та қизлар жамоаси иштирок этишди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг шарафини “Bright Minds” жамоаси ҳимоя қилди. Шунингдек, университетнинг 25 нафар талаба қизлари ментор (устоз) лар сифатида хизмат кўрсатишди.
“Technovation Challenge” ташкилотчиларининг хабарига кўра, Ўзбекистондан 3 жамоа ярим финал йўлланмасига эга бўлган: “Bright Minds” (“HealTech” лойиҳаси), “LimitBusters” (“Linkey” лойиҳаси) ҳамда “Techno Squad” (“Yordam” лойиҳаси).
Қайд этамиз, “Bright Minds” жамоаси тўлиқ IUT талабаларидан ташкил топган. “Techno Squad” жамоасининг устози ҳам IUT талабасидир.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги “Technovation” дастурининг координатори Ҳилола Умарова қайд этди: “Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маъмурияти номидан “Technovation Challenge” дастурининг барча ярим финалчиларини табриклайман ҳамда уларга кейинги босқичда омад тилайман. Ярим финалга чиқа олмаган жамоалар хафа бўлишмасин, аксинча улар ўз лойиҳалари устида ишлаб, уни янада такомиллаштиришлари лозим. “Technovation Uzbekistan” дастури доирасида тақдим этилган барча лойиҳалар қизиқарли эди. Бугун айрим иштирокчиларга омад етишмади, лекин ишонаманки, келаси сафар улар албатта ғолиб чиқишади. Бунинг учун ўз устиларида ишлашса, янгидан-янги муваффақиятларга эришишади”.
“Technovation” танловининг ярим финал босқичи онлайн тарзда ўтказилади. Финалчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан июнь ойининг ўрталарида аниқланади. Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг финал босқичи Сан-Франциско (АҚШ) шаҳрида бўлиб ўтади.
“Technovation Challenge” танлови 2010 йилдан бери дунёнинг 78 та мамлакатида ўтказилади. “Technovation Challenge” 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ва фақатгина қизлар учун мўлжалланган технологик ишланмалар танловидир.
Танловнинг мақсади – қизларда дастурлаш, тадбиркорлик ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришдир. Мазкур лойиҳа қатнашчилари барча жалб этилган томонларни техник соҳага қизиқишини оширади, техник касблардаги қизларнинг фоизини оширади.
Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, танлов доирасида олинган билимлар қизларга ўзига хос тажриба бўлиб, рақобатли меҳнат бозорида ўзининг муносиб ўрнини топиш имконини беради. Тадбиркорлик ва дастурлаш кўникмалари кейинги ҳаётларида қисман бандликни оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштириш имкониятини беради.