Мазкур келишув ҳужжатини IUT Ректори Сарвар Бабаходжаев ва “BePRO-Education Center”нинг Бош директори Абдувоитжон Гафуров имзоладилар.
Шартнома доирасида томонлар таълим, фан, ҳамкорликдаги таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллий корхоналарни юқори малакали кадрлар билан таъминлашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш, маҳаллий корхонада меҳнат қилаётган ходимларнинг малакасини ошириш, ишлаб чиқаришга янги технология, илмий изланмаларни татбиқ этиш, илмий-текшириш лойиҳаларини олиб бориш каби ишларни амалга оширишади.
Жумладан, томонлар АКТ соҳасида амалий лойиҳаларни татбиқ этиш ва ўргатишда илғор метод ва технологияларни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишни режалаштиришмоқда.
Ҳамкорликнинг энг асосий йўналишларидан бири - бу шиддат билан ривожланаётган IT бозорининг халқаро талабларига мос келадиган юқори малакали IT мутахассисларини тайёрлаш йўлида кучларни бирлаштириш бўлади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда “BePro” ўқув маркази ҳамкорликда турли танловлар, дастурлар ва грантларни ташкил этишади ҳамда уларда университетнинг талабалари ва ўқитувчи-профессорлари ҳам иштирок этса бўлади.
“BePro” ўқув маркази Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларини таълим дастурлари ва амалиёт ўташга жалб этиб туради. Марказ шунингдек, университет ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам ишларни амалга оширади.