Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 07/06/2017 IUT 2017-2018 ўқув йили учун тайёргарлик курсларига таклиф қилади
IUT 2017-2018 ўқув йили учун тайёргарлик курсларига таклиф қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун тайёргарлик курсларини таклиф қилади.

Касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг ўқувчилари математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича ўз билимларини ошириш ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва бошқа олий ўқув юртларига бўладиган кириш имтиҳонларига тайёрланиш имкониятига эга бўлишади.

Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад – ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.

Тайёргарлик курслари бир йиллик ҳамда икки йиллик дастурларга бўлинади. Ҳар бир академик йил учта триместрга бўлинади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига киришни ният қилган абитуриентлар учун таълимнинг танланган йўналиши бўйича мажбурий ва ихтиёрий фанлар мавжуд. Масалан, агарда абитуриент «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультетига кирмоқчи бўлса, у математика ва физика фанларини танлаши зарур, «Логистика» факультети учун эса - математика ва инглиз тили.

Қайд этамиз, ўқув курсларини ўзлаштириш жараёни қатъий назорат қилинади. Ҳар бир триместр якунлари бўйича имтиҳонлар ўтказилади, имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар гина тайёргарлик курсларида ўқишларини давом эттиришлари мумкин.

Университетнинг тайёргарлик курслари тингловчилари қатор имтиёзларга эга бўлишади. Фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети тайёргарлик курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин.

Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар, ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Бунда қайд этиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари ҳали билим юртини тамомламай туриб, якуний имтиҳон натижаларига кўра университет табалалари бўлишлари мумкин. Фақатгина бу талабалар лицей ёки коллежни битириб, диплом олганларидан сўнг университетга қабул қилинадилар.

Ўқув курсларига ёзилишни истаганлар 2017 йилнинг 1 июлидан 15 августига қадар рўйхатдан ўтишлари мумкин. Август ойида синов тестларини муваффақиятли топширган ўқувчилар 2017 йилнинг сентябрь ойидан ўқишни бошлайдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг