Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 29 апрелида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида табиий тошларни қайта ишлаш ҳамда қурилиш ва қоплама материалларини ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири бўлган Италиянинг Italmatec ва Pedrini компаниялари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бой ресурс базаси ва қулай иқтисодий инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда, соҳада ярим асрдан ортиқ тажрибага эга бўлган ҳар иккала ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз бизнесини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга.
Хорижий инвесторлар мамлакатнинг ички бозорини тўлдириш ва қўшни мамлакатларга экспорт қилиш, шунингдек, ички ва импорт хом ашё базасида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш билангина чекланиб қолмасдан, республиканинг таълим муассасалари билан касбий тайёргарликда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам мамлакатда ўз фаолиятини ривожлантиришни мақсад қилишган. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу масалалар юзасидан томонлар ўзаро фикр алмашишди.
Бундан ташқари, учрашувда Италия саноатчилари томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқиш мажмуини яратиш бўйича амалга оширилган лойиҳаларни ўрганиш учун келгусидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига ташрифини ташкил этиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази.