Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019-йилнинг 25-март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Италия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Андреа Бертоцси билан учрашди.
Суҳбат чоғида икки томонлама ва “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи” шаклидаги Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, савдо масалалари, иқтисод ва саноат соҳасида ҳамкорлик, экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисини саккиз йиллик танаффусдан кейин ўтказиш таклифи муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг охирига қадар қабул қилиниши режалаштирилган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томони Европа Итифоқи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.
Учрашув сўнгида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Элчи Андреа Бертоцси томонидан 2019-2021-йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро Маданий ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу ҳужжат таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, талабалар ва илмий тадқиқотчилар томонидан грантлар олиш танловларида иштирок этишга ўзаро рухсат берилиши, шунингдек, туризм, маданият ва санъат, спорт, археология, маданий мерос обектларини реставрация қилиш, сақлаш ва муҳофаза қилиш соҳасида мунтазам алмашинувлар амалга ошириш, архивлар, кутубхоналар ва нашриётлар ўртасида алоқалар ўрнатишни назарда тутади.
Манба: ТИВ расмий сайти.