IT Park Uzbekistan Франция-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistanда хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директор Маҳлиё Муксинова иштирокида Франция-Ўзбекистон савдо палатаси (CCIFO) раиси Жоанна Голас бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолаш имкониятини кўриб чиқдилар, шунингдек, IT-хизматлар экспорти соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистон ва Франция технология компаниялари ўртасидаги ўзаро алоқалар, ҳамда мамлакат IT-экотизимига француз инвесторларини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Муҳокаманинг асосий мавзуси икки мамлакат IT-компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, IT-хизматлар экспортини кўпайтириш имкониятлари, шунингдек, маҳаллий IT-экотизимга француз инвесторларини жалб қилиш масалалари бўлди. Учрашув давомида IT Park Uzbekistan мамлакатимизда IT-бизнесни юритиш шартларини, жумладан резидентлар учун солиқ ва божхона имтиёзларини, технология компаниялари ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги дастурларни, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларни тақдим этди. Хорижий IT-компанияларга Ўзбекистонда фаолият юритишнинг дастлабки босқичида бепул офис майдонлари ва инфратузилмавий ёрдам таклиф этувчи "Zero Risk" дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
Франция-Ўзбекистон савдо палатаси (CCIFO) Франция ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги музокаралар, ахборот алмашиш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун платформа ҳисобланади. Ташкилот давлат тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилади, тадбиркорларга инвесторларни топиш ва бизнес ташаббусларини илгари суришда кўмаклашади. Франция-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорлик Viva Technology Paris каби француз технология тадбирларида иштирок этиш учун имтиёзлар беради.
Маҳлиё Муксинова, IT Park Uzbekistan хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директори таъкидлади:
“Франция IT-экспортни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан биридир. Биз, айниқса, IT-аутсорсинг ва бизнес хизматлари соҳасида ҳамкорлик учун катта салоҳиятни кўрмоқдамиз. Мамлакатимизда Франция компанияларининг очилиши янги иш ўринларини яратади ва Ўзбекистоннинг глобал IT-ҳаб сифатидаги мавқейини мустаҳкамлайди. Бу, ўз навбатида, француз компанияларига Ўзбекистон кадрлар захирасидан фойдаланиш ва қулай бизнес муҳитида ўз фаолиятини янги бозорларга кенгайтириш имконини беради.”
IT Park Uzbekistan хорижий компанияларни жалб қилиш ва уларнинг мамлакатда ишлаши учун қулай муҳит яратиш орқали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол ишларини давом эттирмоқда. Ўзбекистон солиқ имтиёзлари, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар ва ўсиб бораётган IT-мутахассислар захирасидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали минтақадаги истиқболли рақамли инновациялар маркази сифатидаги мавқейини мустаҳкамламоқда. Франция компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш IT-хизматлар экспорти, илғор технологияларни жорий этиш ва маҳаллий экотизимга инвестицияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар очиши мумкин.