Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 25/08/2021 Истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти
Истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти

2021 йил 25 августда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилган ишлар ҳамда Истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносида ўтказилган ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олим ҳамда мутахассислар, оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўнгги йилларда Ислом цивилизацияси маркази жамоаси томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилган илмий-тадқиқот ва ноширлик ишлари, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳақида сўзлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 16 июлдаги ПҚ-5186-сон Қарори билан белгиланган Марказнинг янгиланган асосий вазифалари ҳақида маълумот берди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимиз тарихида IX–XII асрларда юз берган Биринчи Ренессанси ва

XV асрдаги Иккинчи Ренессанс даврида бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, маданияти ва ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш билан бирга, эндиликда мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганиб, “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Пресс-конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдукаххарович Абдуҳакимов Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтарилган XIII–XIX асрларга оид қимматбаҳо маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топширди. Россия Федерал божхона хизмати томонидан Россия Федерациясига олиб киришда тўхтатилган қўлёзма китоблар, араб, форс ва туркий тиллардаги диний матнлар тўплами, шунингдек, форс ҳамда туркий тиллардаги шеърлар ва кулолчилик буюмлари эндиликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи ҳамда кутубхонасидан ўрин олади.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нашр қилган “Шарқ ва Ғарб” фиҳристи биринчи жилдининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур фиҳрист Марказ кутубхонасида сақланаётган Европада ўрта асрлардан бошлаб чоп этилган, мазмунан Шарқ олами билан боғланган беш юз саксонта асар рўйхатини ўз ичига олади.

Шунингдек, марказ томонидан “Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми, шайх Абдулазиз Мансурнинг «Коран. Краткий комментарий» – Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси, ҳамда олий таълим муассасалари учун ўзбек ва рус тилларида тайёрланган "Диншунослик" ва “Религиоведение” китобларининг тақдимоти ўтказилди.

Марказнинг умумий фаолият даври давомида 12 дона китоб ва рисолалар нашрга тайёрланди. Шундан, 5 та китоб чоп этилиб, 7 та китоб таржима қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон ислом академияси томонидан Маждуддин Муҳаммад Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари тақдимоти ўтказилди. Ушбу асар XIII аср бошларида яратилган бола ҳуқуқлари бўйича дунёдаги беназир битикдир. У XIX  аср бошида Европада пайдо бўлган илк ҳуқуқий тўплам –  Француз фуқаролик кодекси (Наполеон кодекси, 1804 йил) дан олти аср бурун дунё юзини кўрган. Наполеон кодексида бола ҳуқуқларига оид муаммолар атиги 5 та моддадан иборат бўлса, Уструшаний асари боланинг она қорнида шаклланиши давридан бошлаб, балоғат ёшига етгунига қадар бўлган ҳуқуқлари 1300 га яқин фатволар шаклида 45 йўналишга ажратилган тарзда баён этилган. Фатволарда кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими кўп ҳолларда бугунгача ўзининг долзарблигини сақлаб қолган.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи, Имом Бухорий “Сулосиётул Бухорий” китоби, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Муснад” китоби, Жалолиддин Суютийнинг “Лубобул ҳадис” асари, Абу Бакр Розий “Туҳфатул Мулук” асарининг ўзбек тилига таржималари, замонавий исломшуносликка оид китоблардан “Исломофобияни бартараф этиш омиллари”, “Исломда ижтимоий иллатлар муолажаси”, “Илмдан ўзга нажот йўқ”, китоблари ҳамда “Барҳаёт аждодларимиз” рукни остида 12 та рисола каби бир қатор китоблар, шунингдек, марказнинг “Имом Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий нашри махсус сони тақдимоти ўтказилди.

Марказнинг илмий ходимлари томонидан 78 дона китоб ва рисолалар нашрга тайёрланди. Шундан, 54 та китоб чоп этилиб, 21 та китоб таржима қилинди.

Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асари 29-жузининг ўзбек тилидаги таржимаси, Мулла Али Қорий “Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар” китобининг ўзбек тилидаги таржимаси, Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг ўзбек тилидаги таржимаси, замонавий исломшуносликка оид китоблардан “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар”, “Долзарб раддиялар” китоблари ҳамда “Юртимиз алломалари” рукни остида рисолалар, шунингдек, “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сонининг тақдимотини ўтказди.

Марказ томонидан бугунги кунга қадар, алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 10 та рисола,  6 та китоб, 6 та ақида матнлари, шунингдек, турли мавзуларга бағишланган ўқув-услубий қўлланма ва бошқа турдаги адабиётлар нашр этилди.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари, Ат-Термизийнинг “Ҳадис иллатлари”, “Эҳтиётлар”, “Тариқат одоби”, “Қайтарилган амаллар”, “Яширин масалалар” асарларининг ўзбек тилидаги таржимаси, Сўфий Аллоҳёрнинг “Саботул ожизин” асари шарҳи ҳамда Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Хожа Алоуддин Аттор, Абу Бакр Варроқ Термизий, Бурҳониддин Термизий, Сўфи Оллоҳёр, Хожа Самандар Термизий, Розиюддин Чоғоний, Абу Жаъфар  Термизий, Адиб Собир Термизий каби бир қатор китобларнинг тақдимоти ўтказилди.

Қайд этиш жойизки, марказнинг умумий фаолият даври давомида 66 дона китоб ва рисолалар нашрга тайёрланди. Шундан, 45 та китоб чоп этилиб, 14 та китоб таржима қилинди.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбир қатнашчиларининг диний-маърифи соҳада олиб борилган илмий ва ноширлик ишлари юзасидан саволларига жавоб берилди.

Ушбу матбуот конференцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси ва унинг ҳузуридаги Имом Мотуридий марказининг қисқа муддатлар ичида аждодлар меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, асраб-авайлашда эришилган салмоқли илмий натижалар намойиши бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг