Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 27/08/2022 Испаниядаги йирик фестиваль мавзуси биринчи марта Ўзбекистон туризми ва маданий меросига бағишланди
Испаниядаги йирик фестиваль мавзуси биринчи марта Ўзбекистон туризми ва маданий меросига бағишланди

Испания Қироллигининг сайёҳларбоп провинцияларидан бири Валенсияда XIV асрдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган «Марвлар ва насронийлар» фестивалининг навбатдаги мавзуси илк марта Ўзбекистон туризми ва маданий меросига бағишланди.

«2006 йилда Санкт-Петербургда ўтказилган кўргазмага иштирок этиш учун боргандим. У ердаги музейда ўзбек ҳунармандчилик намуналари менинг эътиборимни тортди, айниқса, Бухоро зардўзлик санъати ва миллий матоларингиз. Шундан сўнг ушбу фестивалда ўзбек миллий либосларини кийган маврлар жамоасини кўриш истаги мени тарк этмади. Мана бу йилги парад учун Хива, Бухоро шаҳарлари, шунингдек Тошкентдаги Чорсу, Ҳазрати Имом мажмуалари ва Azukar Moreno коллекцияларидан турли либослар сотиб олдик. Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаб, узоқ тайёргарлик кўрдик ва ниҳоят, ушбу фестивалда ўзбек миллий либосларини кийган иштирокчилар қатнашмоқда», - деди «Марвлар ва насронийлар» фестивалининг маданий лойиҳалари раҳбари Рафаэль Ферреро.

Тадбирда муносиб иштирок этиш ҳамда мамлакатимиз туризм салоҳиятини Испанияда кенг тарғиб қилиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўзбек фольклор жамоаси, ҳунармандлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация айни дамда Валенсияда бўлиб турибди. 

Фестивалга испаниялик ташкилотчилар томонидан иштирокчилар учун миллий, тарихий кийимларни тикиш бўйича ўзбек дизайнерларига буюртмалар (600 дона кийим кечак, 2000 та дўппи ва Амир Темур роли учун алоҳида буюртма) берилгани маълум қилинди. Бунда ўзбекистонлик машҳур дизайнер - Azukar Moreno номи билан танилган Камола Рустамованинг фестивалга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиш лозим. 

Қайд этиш лозимки, ушбу фестивалда 10 минг фаол ҳаваскор иштирок этиб, тадбирнинг доимий аъзолари сони тахминан 6 минг кишини ташкил этади. Бутун дунёдан томошабин сифатида 100 мингга яқин киши ташриф буюрган.

Фестивалда Амир Темур образида намоён бўлган Альберто Климер ўз иштироки ҳақида шундай дейди: «Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар хотирамда абадий қолган. Юртингизга қилган саёҳатимдан илҳомланиб, бу фестивалда айнан Амир Темур образини танладим. Биласизми, Испанияда Амир Темур билан боғлиқ яхши хотиралар воқеликлар кўп. Икки томонлама алоқаларимиз ўша даврларда ўрнатилган. Элчи Руи Гонсалез де Клавихо ҳам Самарқанд ҳақида ўз кундалигида ёзиб қолдирган. Мен буюк шахс образини гавдалантираётганимдан фахрланаман».

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг