Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 7-халқаро семинари якунида Коррупция ва инсон ҳуқуқлари бўйича Исломобод декларацияси қабул қилинди.
Декларация барча мамлакатларни коррупция билан курашишга қаратилган кучли қонунлар қабул қилиш ва адолатсизликка ҳамда коррупциянинг бошқа салбий оқибатларига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга даъват этади.
2022 йил 6-7 январь кунлари Покистон пойтахтида бўлиб ўтган семинарда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар, Покистоннинг давлат ташкилотлари, илмий доиралари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалардан жами 200 дан зиёд вакил иштирок этди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг анжуман қатнашчиларига йўллаган видеомурожаатида қайд этилганидек, ҳар йили бутун дунёда салкам 1 триллион доллар ҳажмидаги маблағ пора учун сарфланмоқда.
«Албатта, ушбу муаммо ва унинг оқибатлари ниҳоятда улкан, зеро коррупция иқтисодиётнинг самарасизлигига ва издан чиқишига олиб келади», - деди М.Бачелет. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг фикрича, пора миқдорининг ўсиши нарх-навони қимматлаштириб, хизмат ва товарлар сифатини ёмонлаштиради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тарққиётга жиддий халал беради.
Исломобод декларацияси ИҲТга аъзо барча давлатларни суд, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга чақиради. Ҳужжатда, шунингдек, мустақил аксилкоррупция органларини таъсис этиш ва уларга коррупция билан боғлиқ, шу жумладан, трансмиллий жиноятларни тергов қилиш ваколатини бериш муҳимлигига эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, Декларацияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасаларнинг коррупциянинг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган таъсиридан аҳолини хабардор қилиш борасидаги аҳамиятига юқори баҳо берилган. Ушбу институтлар ўзларининг аризаларни кўриб чиқиш, суриштирув ўтказиш ҳамда таҳлил қилиш соҳаларидаги муайян тартиб-таомиллари кўмагида айни масала бўйича маърифий машғулотлар ўтказиш ва тайёргарлик ишларида ёрдам бериш имкониятига эгалиги таъкидланган.
Исломобод декларацияси матнини тайёрлаш ва муҳокама этиш жараёнида Покистон, Ўзбекистон, Иордания, Туркия, Саудия Арабистони, Фаластин ва бошқа бир қатор мамлакатлар вакиллари сўзга чиқиб, ўз таклиф-мулоҳозаларини билдирди.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев Декларация матнига ИҲТ доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, айни соҳада ахборот-маърифат тарғиботи ишларини рағбатлантириш зарурлиги тўғрисидаги қоидаларни киритишни таклиф қилди.