Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларининг устунлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, юртимизда гендер тенглигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гендер тенглик нафақат инсон ҳуқуқини таъминлаш, балки, жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этадиган эзгу қадрият саналади. Қолаверса, гендер тенглик – мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикаторлардан бири ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Конституциянинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгилаб қўйилган бўлса-да, тан олиб айтиш керакки, сўнгги беш йилда бу борадаги ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Бунинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда жамиятнинг турли соҳаларида, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада аёлларнинг роли ва мавқеида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги қонунлар имзолангани бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласида кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг «Исломда гендер» мавзусидаги лойиҳасида иштирок этиб, «Исломда гендер масалаларининг ўзига хос тамойиллари» номли ўқув қўлланмани ишлаб чиқди.
Долзарб мавзуга бағишланган мазкур китоб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори доктор Баҳромжон Мамадиев, «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO» кафедраси мудири доктор Миродил Ҳайдаров ҳамда кафедра профессори Нигора Юсупова томонидан яратилган.
Шу муносабат билан 2021 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур ўқув қўлланманинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. БМТнингг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур қўлланмада республикада исломда гендер тенглик моҳияти, аёл ҳуқуқлари ва эркинликларига доир ислом концепцияси, ислом ҳуқуқида аёлнинг ҳуқуқий мақомини тадқиқ этишга бағишланган мақолалар ўрин олган. Мазкур китоб бу соҳадаги илк тадқиқот ҳисобланади.
Тақдимотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори доктор Баҳромжон Мамадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю, UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гендер масалалари бўйича мутахассиси Д.Ғаниева, «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO» кафедраси мудири доктор Миродил Ҳайдаров, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.
Тадбирни UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гендер масалалари бўйича мутахассиси Д.Ғаниева кириш сўзи билан очиб бераркан, китоб ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Таъкидлаш жоиз, қўлланмада аёллар масаласининг умумижтимоий жиҳатлари, ижтимоийтарихий негизлари, унинг маданиймаънавий хусусиятларини ҳамда ислом таълимотида аёллар масаласини ҳал этишнинг ижтимои-иқтисодий, ҳуқуқий, маърифийташкилий жиҳатдан ўзига хослигини ҳуқуқий нуқтаи назардан тадқиқ этилган. Шу билан бирга ҳуқуқий ҳамда диний нормаларни ўз ичига олган ислом ҳуқуқининг тузилишини инобатга олиб, тадқиқотда исломда аёл ҳуқуқларини ислом ҳуқуқининг асл манбалари Қуръони карим ва ҳадислар асосида очиб беришга ҳаракат қилинган.
Шунингдек, китобда ислом ҳуқуқида аёл масаласини фуқаролик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, сиёсий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этишнинг ижтимоийиқтисодий, маънавийахлоқий асослари кенг тадқиқ этилиб, ислом ҳуқуқи нормаларида оилавий муносабатларга киришишдаги аёлларнинг ҳуқуқлари, маҳрга оид ҳуқуқлар, нафақа, мерос тақсимотидаги улушлари ҳамда сиёсий ҳуқуқлари ислом ҳуқуқининг асосий манбалари орқали ёритиб берилган.
Самимий мулоқот давомида UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю сўз олар экан, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида мамлакат эришган ютуқлар ҳақида сўз юритди. Муҳтож аёлларни уй-жой, иш билан таъминлашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди. Ўзбекистон, хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан мамнунлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова гендер тушунчаси ва унинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти, фуқароларнинг гендер хабардорлигини ошириш, мамлакатимиз қонунчилигида аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлади. Бунинг натижасида юртимиз тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, айнан шу кўрсаткич бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилганини эътироф этди.
Шу билан бирга, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат эканлигини қайд этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тақдимот якунида муаллифлар томонидан мазкур ўқув қўлланмадан Академия талаба-магистрантлари, Малака ошириш маркази тингловчилари турли ўқув курсларида фойдаланиши тавсия этилди.