Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 23/06/2016 Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Тошкентда музокаралар ўтказишди
Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Тошкентда музокаралар ўтказишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 22-июнь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан Тошкентда музокаралар ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида 22 июнь куни ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Биз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ушбу давлат ташрифини изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги тарихида муҳим босқич, томонларнинг ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиши ифодаси, деб биламиз дея қайд этди Ислом Каримов.

Ўзбекистон Хитой билан стратегик шериклик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликни юксак баҳолайди ва қадрлайди, деди Ислом Каримов.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этган. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда.

Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича позиция ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. Бу мамлакатларимизнинг ўзаро ва кўп томонлама алоқаларида муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон ва Хитой халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. БМТ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, савдо, саноат, иқтисодиёт, энергетика, фан-таълим, маданият каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини имзоладилар. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсади белгиланган.

Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва идоралари ўртасида техникавий-иқтисодий, инвестициявий, савдо ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Куннинг иккинчи ярмида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар. Хитой Раиси ва Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзладилар.

Давлат раҳбарлари Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг