Президентимиз капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган Қарши темир йўл вокзалига ташриф буюрди, “Насаф” марказий стадионини бориб кўрди. 16 минг томошабинга мўлжалланган ушбу стадион халқаро талабларга жавоб беради. Бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар ўтказилиши мумкин. Ислом Каримов стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни янада ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Президентимиз Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган курантни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари Мустақиллик кўчаси бўйидаги хиёбонга ташриф буюрди. Президентимиз шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун яратилган қулайликларни тобора ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Ислом Каримов ўтган йили Қашқадарёга ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. Президентимиз ушбу кўприк ва хиёбон билан танишди.
Ўзбекистон Президентининг Қашқадарё вилоятига сафари давом этмоқда.