Учрашувда “Лукойл НК” ОАЖнинг Ўзбекистондаги қатор сармоявий блокларда геология-разведка ишларини бажариш ва углеводород конларини ўзлаштириш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, Бухоро вилоятида газни қайта ишлайдиган янги завод қурилишининг бориши муҳокама қилинди.
Президент Ислом Каримов “Лукойл” ОАЖ геология-разведка ишларини самарали амалга оширгани туфайли Қандим гуруҳи ва Хавзак-Шоди конларида, Ҳисор минтақаси ҳудуди ва Қўнғирот участкасида, шунингдек, Сармоядорлар консорциуми таркибида Орол денгизининг Ўзбекистонга қарашли қисмида углеводород захиралари ҳажмини оширишни таъминлаш имконига эга бўлганини таъкидлади.
Учрашувда қайд этилганидек, “Лукойл” ОАЖнинг учта инвестицион лойиҳа бўйича Ўзбекистон нефть-газ мажмуига киритган тўғридан-тўғри сармояси ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Умуман, “Лукойл” компанияси иштирокидаги барча лойиҳаларни ижро этиш даврида 5 миллиард доллардан зиёд сармоя жалб этиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
В.Алекперов самимий қабул ва “Лукойл” ОАЖнинг Ўзбекистон нефть-газ соҳасидаги фаолияти натижаларига берилган юксак баҳо, шунингдек, ўзаро манфаатли йирик лойиҳаларни амалга ошириш мобайнида яратилган қулай шарт-шароит учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. Меҳмон ўзи раҳбарлик қилаётган компания ўзбекистонлик шериклар билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини алоҳида қайд этди.