Валюта курслари 07/07/2025
$1 – 12606.73
UZS – 0.39%
€1 – 14849.47
UZS – 0.27%
₽1 – 159.86
UZS – 0.26%
Қидириш
Иқтисод 07/07/2025 Ислоҳотларнинг Жиззах вилоятидаги ижроси кўриб чиқилди

Ислоҳотларнинг Жиззах вилоятидаги ижроси кўриб чиқилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 7 июль куни Жиззах вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар ҳал этилиши юзасидан ҳисобот билан танишди.

Ўтган йил 31 декабрда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, зарур масалалар ҳал этиб берилган эди. Хусусан, унда 2025 йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланганди.

Бу вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда. Ўтган олти ойда Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушди. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келди.

Лекин Дўстлик, Зафаробод, Пахтакор, Мирзачўл туманлари бу борада анча орқада қолаяпти. Шу боис янги лойиҳаларни аввало шу туманларга жойлаштириб, одамларни ишли қилиш зарур.

Сўнгги вақтларда вилоятда 250 миллион долларлик йирик туризм мажмуалари ишга тушгани натижасида бир йилда сайёҳлар оқими 2 карра ошди. Буни янада ошириш учун ҳамма шароит бор.

Яна бир катта имконият – ер. Жиззахда 1 миллион 300 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари бўлгани билан атиги 40 фоизида экин экилаяпти. Бир гектарга тўғри келадиган ўртача даромад ҳам бошқа вилоятларга нисбатан кам. Аслида, ердан самарали фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва озуқасини кўпайтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, Жиззах вилоятида ҳам мутасаддилар, соҳа мутахассислари ва етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби” тузилди.

Йиғилишда мазкур штаб томонидан тайёрланган янги лойиҳалар тақдимот қилинди. Унга кўра, умумий қиймати 520 миллион долларлик 200 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 12 мингта иш ўрни, бюджетга қўшимча 120 миллиард сўм тушум, 100 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши кўзда тутилган.

Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий асоси ва бозор талаби билан қизиқди. Ҳокимлар ва “Ислоҳотлар штаби” биргаликда ишлаб, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат соҳаларида “катта сакраш” қилиши кераклиги таъкидланди. Шунда Жиззах вилояти инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланади.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг