Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни ҳудудларда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жаҳонда рўй бераётган воқеалар оқибатида мамлакатимиз иқтисодиёти учун зарур бўлган хомашё ва маҳсулотлар нархи, уларни етказиб бериш харажатлари ошмоқда. Шунинг учун, энг аввало, ўзимиздаги хомашёни чуқур қайта ишлаб, рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтириш керак.
Йиғилишда бу борадаги тизимни такомиллаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, энди ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт билан Савдо-саноат палатаси шуғулланади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари тугатилади. Экспорт агентлиги ва жамғармаси, “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам Савдо-саноат палатаси тизимига ўтади.
– Лойиҳа ва экспорт қилиш тизимини давлатдан тадбиркорларнинг ўзи бошқарадиган ташкилотга олиб бераяпмиз. Бу тадбиркорларни эшитиш, талаб ва истакларини амалга ошириш учун керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш бўйича янги имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Бугунги кунда тўқимачилик саноатида қўлланиладиган айрим мато ва синтетик ип-калава четдан олиб келинмоқда. Шу боис маҳаллийлаштириш ва экспортни оширишга қаратилган кўплаб лойиҳалар бошланган.
Масалан, Юқори Чирчиқ туманида газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш бўйича 350 миллион долларлик, Нукус шаҳрида сунъий тола, газлама-мато ва бўёқхона йўналишида 60 миллион долларлик лойиҳалар режалаштирилган. Андижон ва Самарқанд шаҳарларида сунъий толадан парда ва мебель матолари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Пахтаобод туманида тўқимачилик саноат зонаси ташкил қилинади. Қорақалпоғистон ва 6 та вилоятда сунъий толадан ип-калава тайёрлайдиган 15 та лойиҳа ишга туширилади.
Умуман, келгуси йилда тўқимачиликда яна 700 миллион доллар қўшилган қиймат яратиш мумкинлиги қайд этилди. Шу боис, бу тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиб жорий қилинади. Бунинг учун юқори қиймат яратадиган янги лойиҳаларга 200 миллион доллар ресурс сифатида ажратилади. Матони бўяш корхоналарига сув тозалаш иншоотлари харажатлари давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Санитария бўйича халқаро стандартларни жорий қилган тўқимачилик корхоналарига 100 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Маҳсулотларнинг сифатини таъминлаш мақсадида хориждан дизайнер, маркетолог ва конструкторлар жалб этиш кераклиги айтилди.
Маълумки, жаҳонга чиқиш учун энг муҳим жиҳатлардан бири – бренд. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқли маҳсулотларимиз брендга айланмагани сабабли ташқи бозорда арзон сотилаяпти.
Шу боис Президент мамлакатимиз маҳсулотларининг фақат сотилиши эмас, балки ташқи бозорларда бренд сифатида танилиши учун ҳам кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.
Савдо-саноат палатасига мато, кийим, гилам, пойабзал, чарм, озиқ-овқат, уй буюмлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни брендлар талабларига тўлиқ мослаштириб, буюртмаларни жойлаштирувчи “сорсинг” компаниялари билан боғлаш вазифаси қўйилди.
Маҳаллий корхоналаримизнинг халқаро кўргазмаларда иштирокини кўпайтириш, Европа ва Осиё шаҳарларида савдо уйларини очиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, машҳур номдаги маҳсулотларни юртимизда ишлаб чиқариш ҳам мумкин. Мисол учун, келгуси йил Чирчиқда Германия технологияси асосида йилига 2,5 миллион дона алюмин қадоқлаш корхонаси ишга тушади. Бу нафақат салқин ичимликлар, балки косметика, маиший кимё, озиқ-овқат йўналишидаги корхоналар учун ҳам қулайлик. Бундай имкониятлардан фойдаланиб, нуфузли брендларни Ўзбекистонга олиб келиш зарурлиги айтилди.
Қайд этилганидек, бунинг учун янгича ёндашувлар жорий қилинади:
- брендлар остида ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартларни жорий қилиш, экология ва сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
- маҳаллийлаштиришни камида 60 фоизга етказиш шарти билан улар учун зарур барча хомашёлар божхона тўловларидан озод қилинади;
- камида 30 фоиз маҳсулотини бренд остида ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар берилади;
- йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилмайди.
Юртимизда кимё саноати учун ҳам кўп хомашё мавжуд. Ҳозирги кунда жами 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилган.
Электротехника саноатида 2 миллиард долларлик лойиҳалар учун имконият ҳам, катта бозор ҳам бор. Масалан, юртимизда қурилаётган 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари учун 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёж бор. Худди шундай, маиший техника, трансформатор каби ускуналарга ҳам талаб юқори.
Келгуси йилда Оҳангарон саноат зонасида ишга тушириладиган 120 миллион долларлик 5 та лойиҳа ҳамда Бухоро шаҳрида ташкил этиладиган 120 миллион долларлик технопарк бу маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга йўналтирилган.
Мазкур тармоқларда ҳам ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон туманлари ва Нукус шаҳрида саноатни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга паст фоизда кредит бериш учун 100 миллион доллар ажратилган. 23 та истиқболли лойиҳа шакллантирилиб, вилоятлар ва тижорат банклари бириктирилган. Мутасаддилар ушбу лойиҳаларнинг ижроси юзасидан ахборот берди.
Йиғилишда хизмат кўрсатиш ва туризм имкониятларини янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 11 ойида 421 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу ўтган йилга нисбатан 13,6 фоиз кўп. Йил якуни билан иқтисодиётда хизматлар улуши 43 фоиздан ошиши кутилмоқда. Лекин бу кўрсаткичлар етарли эмас. Молия, транспорт, туризм, таълим, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳали имкониятлар кўп.
Яқинда Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил қилинди. 2024 йил 1 январдан базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари ишга тушади. Шуларга асосан, келгуси йилда молиявий хизматлар ҳажми 30 фоиз ошиши кутилмоқда.
Халқаро капитал бозорларида 500 миллион долларлик “евробонд” жойлаштириш бўйича иш олиб борилмоқда.
“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ўз кичик бизнесини очган ва ижобий кредит тарихига эга аҳолига 50 миллион сўмгача, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истагидаги аҳолига 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар бериш йўлга қўйилади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилганларга бизнесга биринчи қадам учун кредит бериш таклифи маъқулланди.
Юртимизда жами хизматларнинг тўртдан бир қисми транспорт соҳасига тўғри келади. Бу йил 1 минг 500 га яқин автобус, 25 та янги самолёт олиб келинди. Хусусий авиакомпаниялар иш бошлади, 17 та йўналиш очилди.
Бу ишларни давом эттириб, вилоятлар ва қўшни давлатларга автобус йўналишларини, мамлакатимиз шаҳарлари ўртасида авиақатновларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Темирйўл соҳасида ҳам тарифлар қайта кўриб чиқилди, кераксиз имтиёзлар бекор қилинди. 6 та тезюрар ва 30 та электр поезд олиб келинмоқда. Бу келгуси йилда 20 фоиз ўсишни таъминлаш имконини беради.
Юртимизда хусусий таълим ва тиббиёт хизматлари тез ўсиб бормоқда. Бунга қўшимча имконият яратиш учун бўш ерларни шу ихтисослик бўйича аукционга чиқариш мумкинлиги айтилди.
Бугунги кунда IT хизматларининг ялпи ички маҳсулотимиздаги улуши 3-3,5 фоизга тенг. Келгуси йилда камида 30 фоиз ўсишни таъминлаб, бу тармоқда хизматлар ҳажмини 41 триллион сўмга етказиш, экспортни 2 карра ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда туризм салоҳияти катта. Буни самарали ишга солиш учун меҳмонхона ва меҳмон уйларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тарихий ва хушманзара туризм масканларининг мастер режаси тайёрланиши, уларнинг инфратузилмасига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди. Уларга олиб борувчи кўчаларни таъмирлаш билан бирга, йўл бўйларида савдо ва сервис шохобчаларини жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Хорижда туристлар учун заргарлик буюмлари савдоси ҳам кенг йўлга қўйилган. Мамлакатимизда бунинг учун етарли шароит бўлса-да, бундай буюмлар кам ишлаб чиқарилади. Шу боис келгуси йилда ҳар бир ҳудудда замонавий заргарлик мажмуаларини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, мамлакатимизда халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталигини ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Бозорларимизнинг туристлар учун қулайлигини ошириш лозимлиги қайд этилди. Уларни сайёҳлар кунлаб вақтини ўтказиши мумкин бўлган мажмуаларга, маданиятимизни акс эттирадиган “ташриф қоғози”га айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Бу чора-тадбирлар натижасида хизматлар ва туризм соҳасида 2 миллиондан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.