Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 08/07/2016 “Ишбилармон аёл”: юрт ривожига муносиб ҳисса қўшамиз!
“Ишбилармон аёл”: юрт ривожига муносиб ҳисса қўшамиз!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин - қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий - иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғибот - ташвиқот қилиш, O’zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Навоий вилоятида партия ҳамда Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Ўзбекистон Савдо - саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси ҳамкорлигида мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар ўртасида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловинининг вилоят босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловда туман (шаҳар)лардан келган 10 нафар ғолиб фаол тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизлар ўзаро беллашдилар. Танлов низомига мувофиқ ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти, ўз фаолияти давомида ҳаётга тадбиқ этиб келаётган янги ғоялари билан яқиндан танишиб адолатли ва ҳолисона баҳолаб боришди.

Шунингдек, танловда кўрсатилган номинациялар бўйича тақдим этилган лойиҳалар асосида юқори натижаларга эришган ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда янги иш ўринлари яратишда ташаббус кўрсатган иштирокчилар юқори ўринларга муносиб кўрилди.

Унга кўра, Республика бизнес мактаби Навоий вилоят филиали директори Шахзода Умарова олий ўринни эгаллади. “Энг ёш тадбиркор аёл” номинацияси билан Кармана туманидаги “Кармана Ал Азиз авицена” МЧЖ раҳбари Нилуфар Умарова, “Энг ёш ҳунарманд аёл” номинацияси билан Хатирчи ва Нурота туманидаги миллий ва замоновий каштачилик йўналишида фаолият олиб бораёган ёш ҳунарманд Хулкар Муродова, “Энг яхши тадбиркор аёл” номинацияси билан Томди туманнидан Рая Умрзақова, “Мурувватли ишбилармон аёл” номинацияси билан Навбаҳор туман “Афросиёб Гулшани” хусусий корхонаси раҳбари Гулшан Олтинова ва “Энг ташаббускор аёл” номинацияси билан Учқудуқ туман Ҳунармандлар уюшмаси раиси Зебинисо Шарипова тақдирландилар.

– Бир неча йилдан буён “Афросиёб Гулшани” хусусий корхонаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқдаман, - дейди “Мурувватли ишбилармон аёл” номинация ғолиби Гулшан Олтинова. —Бугунги тадбир орқали вилоятимиздаги бошқа тадбиркор, ишбилармон, ташаббускор аёллар билан танишишга, улар билан тажриба алмашишига муваффақ бўлдим. Улар билан суҳбатлашиб юртимизда аёлларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун нақадар кенг имконият яратилганлигин яна бир бор ҳис қилдим. Ўйлайманки, бунинг барчаси мустақилликнинг шарофатидир. Мана шундай кенг имкониятли мамлакатда яшаб, фаолият юритаётганимдан, юртим ривожига оз бўлсада ўз ҳиссамни қўшиб келаётганимдан бахтлиман!

Тадбир сўнгида ғолиблар партия Навоий вилоят Кенгаши диплом ва эсталик совғалари билан тақдирландилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг