Валюта курслари 24/01/2025
$1 – 12979.13
UZS – -0.08%
€1 – 13513.87
UZS – -0.42%
₽1 – 131.22
UZS – -0.49%
Қидириш
Иқтисод 23/01/2025 Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 22 январь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЙТТБ) молиявий институтлар бўйича бошқарувчи директори Франсис Малиж бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ЙТТБнинг Марказий Осиё ва Моғулистон бўйича бошқарувчи директори Хусейн Озхан, ЙТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков ва Отабек Фозилкаримов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар ўтган даврда ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни оширишга қаратилган устувор лойиҳаларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, мулоқот давомида томонлар давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат иштирокидаги корхоналарни ривожлантириш ва трансформация қилиш, давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, таълим соҳасида мактаблар ва талабалар ётоқхоналари ташкил этиш юзасидан шакллантирилган лойиҳаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, муҳокамалар давомида “яшил” ўсишни таъминлаш, жумладан, энергия самарадорлигини ошириш ва “яшил” технологияларни кенг жорий этиш, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш ва янада қўллаб-қувватлаш, хусусан, аёллар ва ёш тадбиркорлар учун молиявий хизматларнинг қулайлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан биргаликда, иссиқлик таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда “яшил” ва инновацион технологиялар асосида аҳолига барқарор хизматларни тақдим этиш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш, шунингдек, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, жумладан, ирригация лойиҳаларини амалга ошириш ва қишлоқ хўжалигида сув тежаш технологияларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг