Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 26/01/2016 Иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш омили
Иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O’zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўз фаолиятида иқтисодиётни либераллаштириш, бозор тамойиллари ва замонавий бошқарув механизмларини жорий қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга қаратилган қонунчиликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Фракциянинг парламентдаги фаолияти партия сайловолди Дастурининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун имкон қадар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий бизнес ташаббусларини рўёбга чиқаришга тааллуқли вазифаларини амалга оширишга хизмат қилишига ишонамиз. Бу барчамиздан қонун ижодкорлиги фаолиятининг ҳар бир босқичида бу борадаги қонун лойиҳаларини батафсил ишлаб чиқишни талаб этади.

Айни пайтда Қонунчилик палатасида «Бухгалтерия ҳисобитўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамадан ўтмоқда. Бухгалтерия ҳисобининг асосий мақсади барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлаштирилган тарзда ҳисобга олиш орқали бухгалтерия маълумотларини йиғиш, қайд қилиш ва умумлаштириш ҳамда шу асосда молиявий ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни тузишдан иборатдир.

Ушбу соҳадаги амалдаги қонунчиликка киритилган ҳар қандай ўзгартишлар O’zLiDeP электоратининг манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини пайқаш мушкул эмас. Жумладан, 1996 йилда қабул қилинган «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизда яхлит бухгалтерия ҳисоби тизимининг шаклланишига салмоқли таъсир кўрсатди. Ўтган даврда O’zLiDeP фракцияси кўмагида ушбу қонунга, шу жумладан, Бюджет кодексининг қабул қилиниши муносабати билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш ҳамда бирламчи ҳисоб ҳужжатларини тайёрлаш, молиявий ҳисобот шаклларини қисқартириш билан боғлиқ масалаларга доир алоҳида ёндашувларни ўзгартириш имконини берди.

Шу билан бирга ўтган йилларда Ўзбекистонда бозор муносабатларини ривожлантириш борасидаги ишлар анча илгарилаб кетганини барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Сайловчилар билан учрашувлар давомида O’zLiDeP электоратининг вакиллари томонидан ушбу қонуннинг айрим моддалари ва қоидаларини амалда қўллаш жараёнида бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан маълум номувофиқликлар юзага келаётгани ҳақидаги мавзу бир неча бор кўтарилди. Бу нафақат хўжалик юритувчи субъектлар, балки давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, судлар фаолиятида ҳам айрим қийинчиликлар туғдирмоқда.

Амалдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунда бухгалтерия ҳисоби ва унинг таркибий қисмларига аниқ тушунчалар берилмаган, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини бажарувчи масъул шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг касбий малакасига қўйиладиган талаблар ҳамда бухгалтерларнинг жамоат бирлашмалари мавқеи аниқ белгиланмаган.

Буларнинг барчаси иқтисодиёт соҳасида жадал амалга оширилаётган демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни янада такомиллаштириш O’zLiDeP учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини изоҳлайди. Шу муносабат билан O’zLiDeP «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси устида олиб борилаётган ишларда, Қонунчилик палатасининг Регламенти томонидан тақдим этилган барча ваколатлардан фойдаланган ҳолда, алоҳида моддаларни қайта кўриб чиқиш, янги ва аниқлаштирувчи нормаларни киритиш, мавжудларини ўтган йилларда қонунчиликда рўй берган ўзгаришларга мувофиқлаштириш ҳамда бухгалтерия ҳисобини халқаро принцип ва стандартларга мувофиқ ривожлантириш учун замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширмоқа.

Партиямизнинг бу борадаги қатъий позицияси шундан иборатки, биз амалдаги қонунга ўзгартиш киритиш эмас, балки уни янги таҳрирда қабул қилишни таклиф этамиз. Бундан ташқари, ҳужжат имкон қадар бевосита таъсир кучига эга нормалардан иборат бўлиши, қонун лойиҳаси батафсил ва пухта ишлаб чиқилган бўлиши, бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ барча жиҳатларни ҳисобга олиши, аниқлик, равшанлик, бир хиллик мезонларига жавоб бериши лозим. Ҳавола нормаларнинг асоссиз даражада кўп бўлиши, уларнинг ноаниқ баён этилиши меъёрий-ҳуқуқий нормаларнинг тартиблилик принципининг бузилишига, қонуннинг бевосита амал қилиш кучининг сусайишига, ундаги алоҳида нормаларни қўллаш имкониятининг йўқолишига, қонун ижрочисининг иккиланиб қолишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари қаторида «Ижара ҳисоби» ва «Номоддий активлар» стандартлари мавжудлигини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасига шу стандартларга бағишланган алоҳида нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ.

O’zLiDeP фракцияси амалдаги қонунда бухгалтерия хизматлари раҳбарларига қўйиладиган талабларнинг мавжуд эмаслиги бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув тизимининг ишончлилигини таъминлашда маълум қийинчиликлар туғдираётгани ҳақида умумий фикрни ёқлайди. Хўжалик юритувчи субъект ва унинг бухгалтерия хизмати раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини функционал жиҳатдан аниқ ажратиш зарур.

Қонунчилик даражасида акциядорлик жамиятлари, суғурта компаниялари, инвестиция жамғармалари, биржалар ҳамда юридик ва жисмоний шахслар маблағларини аккумуляция қилувчи бошқа ташкилотлар, устав капиталида давлат улуши бўлган, мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутган корхоналарда ички назорат тизимини ташкил этишни, уларнинг бухгалтерия хизматлари раҳбарларига қўйиладиган алоҳида талабларни тартибга солувчи нормаларнинг белгиланмагани амалда бухгалтерия ҳисобини юритишда камчиликлар ва қонун бузилишларига йўл қўйилиши, оқибатда, баъзи ҳолларда молиявий ҳисоботлар ҳаққоний тузилмаслигига олиб келади, деб ҳисоблаймиз.

Ишонамизки, қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида рўй берган ўзгаришларни, бухгалтерия ҳисоби тизимини ташкил этиш борасида тўпланган миллий ва халқаро тажрибани ҳисобга олади. Шу сабабли O’zLiDeP бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тайёрланадиган молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчи кенг доирадаги шахслар манфаатларини қатъий ҳимоя қилади.

Қонун лойиҳасини кенг доирадаги экспертлар ва электорат вакиллари билан муҳокама қилиб, фракция бухгалтерия ҳисоби ва унинг асосий элементларига доир тушунчаларни, бухгалтерия ҳисоби субъектлари ва объектларини аниқ белгилаш, масъул шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ажратиш орқали хўжалик юритувчи субъектлар ва бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш, ички назорат тизимини таъминлаш учун масъулиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни қўллаб-қувватлайди.

Ушбу янгиликлар бухгалтерия ҳисобининг асосий тушунчаларини белгилаш, бухгалтерия ҳисоби объектларини батафсил таърифлаш ҳамда ички назоратни таъминлашга доир меъёрий талабларни белгилаш орқали бухгалтерия ҳисоби тизимининг шаффофлигини оширишга хизмат қилишига ишонамиз.

Шу билан бирга, O’zLiDeP фракцияси қонун лойиҳасининг қатор бандлари бўйича қуйидаги фикрларни илгари суради. Биринчидан, қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектни тугатиш жараёнида молиявий ҳисобот юритиш тартиби баён этилган, аммо хўжалик юритувчи субъектни қайта ташкил этишда молиявий ҳисобот юритиш тартиби мавжуд эмас, бу эса қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, ҳужжатга хўжалик юритувчи субъектни қайта ташкил этишга бағишланган нормани киритиш орқали қайта ташкил этилаётган юридик шахс учун сўнгги ҳисобот йили сифатида қайси сана ёки қайта ташкил этиш натижасида пайдо бўлган юридик шахс учун биринчи ҳисобот йили сифатида қайси давр ҳисобланиши ва ҳоказо масалаларни тартибга солиш мумкин бўлар эди.

Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасида якка тартибдаги тадбиркорлар фақат давлат солиқ хизмати органларига белгиланган шаклларда ҳисобот тақдим этиши белгиланган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ қонунчилигига мувофиқ солиққа тортиш мақсадлари учун фақат ўз даромадлари ва ҳаражатлари ҳисобини юритишини, яъни улар бухгалтерия ҳисобини юритиши ва тегишли равишда молиявий ҳисоботни тақдим этиши шарт эмаслигини ҳисобга олсак, ушбу модданинг иккинчи қисмига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Шу сабабли, O’zLiDeP бу ўзгартишларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Қонун лойиҳасининг «Бухгалтерларнинг жамоат бирлашмалари» номли 9-моддасида «Бухгалтерларнинг жамоат бирлашмалари: бухгалтерия ҳисоби стандартларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказади ва Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва бухгалтерия ҳисобининг стандартларини қўллаш бўйича тавсияларни киритади; бухгалтерларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашда, уларнинг профессионал, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий маданиятини оширишда иштирок этади; бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро профессионал ташкилотлар билан ўзаро хамкорликни амалга оширади; қонун ҳужжатларига назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин», деб белгиланмоқда.

O’zLiDeP сайловолди Дастурида партия фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш тарафдори эканлиги қайд этилган. Ушбу модданинг киритилиши мазкур мақсаднинг амалда рўёбга чиқишига хизмат қилишга ишонамиз. Модданинг биринчи қисмини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, зеро, айнан биз, депутатлар, «бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар»га муҳтожмиз.

Лекин модданинг иккинчи банди, яъни, «бухгалтерларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашда, уларнинг профессионал, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий маданиятини оширишда иштирок этади» мазмунидаги қисми, эҳтимол, ЎзХДПдаги ҳамкасбларимизга кўпроқ хуш келади. Биз ушбу нормани амалга ошириш механизмлари нуқтаи назаридан янада пухта ишлаб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Бухгалтерлар ёлланма ишчилар эканини унутмайлик, демак, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини касаба уюшмалари ҳимоя қилиши керак. Акс ҳолда, «ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» баҳонаси остида уларнинг иш берувчилари, яъни тадбиркорларни назорат қилишга уринадиган яна бир тузилма пайдо бўлиши мумкин. Бу эса тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча тўсиқларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундай вазиятга йўл қўймайлик.

Бундан ташқари, бухгалтерия хизмати раҳбарига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи 12-модда ҳамда ички назоратга бағишланган 21-моддага доир айрим мулоҳазаларимиз мавжуд. Юқорида қайд этилганидек, биз талабларнинг қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилишини қўллаб-қувватлаймиз. Лекин давлат ва хусусий мулкни тартибга солиш масалаларини ўзаро ажратиш муҳимлигини такрорлашдан чарчамаймиз. Хусусий шахс, тадбиркор учун ўз вақти ва маблағлари ниҳоятда қадрли. Фракциямиз ушбу моддаларда назарда тутилаётган талаблар хусусий мулк бухгалтерия ҳисоби субъектлари учун уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кўпроқ тавсия характерига эга бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг айрим таклифларини чуқур ва пухта ўйланмаган деб ҳисоблаймиз. Масалан, ЎзХДП қонун лойиҳасидаги бухгалтерия хизмати раҳбарининг уч йилда бир марта малака ошириш ўқувларидан ўтиши шарт эканига бағишланган нормани ҳеч қўймай илгари сурмоқда. Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, тадбиркорлар ишига ўз маблағини тикади, муваффақиятли бизнес юритишдан, демак, бунинг омили бўлган самарали бухгалтерия ҳисобини амалга оширишдан, аввало, ўзлари манфаатдор. Хусусий корхоналардаги бухгалтерлар ўзларининг кундалик меҳнат фаолиятига масъулият ва ҳушёрлик билан ёндашади, чунки уларнинг хатоси — корхонага зарар.

Шу сабабли, биз, O’zLiDeP фракцияси, ортиқча малака ошириш ўқувларисиз ҳам мавжуд барча камчиликларни аниқлайдиган аудитор текширувидан ўтишнинг ўзи етарли деб ҳисоблаймиз.

ЎзХДПнинг ўрта махсус бухгалтерия таълимига эга шахсларга бухгалтерия хизмати раҳбари лавозимини эгаллашга рухсат беришга доир позицияси ҳам пухта ўйланмаган. Дарҳақиқат, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш — муҳим вазифа, лекин масалага бу каби қўпол ёндашиш кераклигини англатмайди.

O’zLiDeP фракцияси бухгалтерия хизмати ташкилотни бошқаришнинг энг муҳим тузилмаси бўлгани сабабли уни фақатгина олий маълумотли шахс бошқариши шарт эканига қатъий ишонади. Касб-ҳунар коллежи битирувчиси, шу соҳага иқтидори бўлса, олий таълим муассасасида ўқишни давом эттириши, бўлажак иш берувчи эса унинг ўқишга харажатларини қоплаб бериши мумкин.

Мухтасар қилганда, бошқа фракциялар, аввало ЎзХДП ва «Адолат» СДП фракциялари билан шу каби зиддиятлар мавжуд бўлишига қарамай, O’zLiDeP таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг норма ва қоидаларининг рўёбга чиқарилиши бухгалтерия ҳисоби тизимини мамлакатимиз тарақиётининг бугунги босқичига мос тарзда янада такомиллаштириш имконини беради, деб ҳисоблайди. «Бухгалтерия ҳисобитўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бухгалтерия ҳисобининг шаффофлигини ошириш, ички назорат тизимини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари ва бухгалтерлари ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг касбий масъулиятини кучайтириш, республика бухгалтерларининг профессионал жамоат бирлашмалари мавқеини оширишга қаратилган бўлиб, оқибатда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни олдини олишга хизмат қилади.

Адҳам ШОДМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг