Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --
Бутунжаҳон гидлар ва экскурсоводлар кунини нишонлашга бағишланган тадбир юртимиздаги ва халқаро миқёсдаги 150 дан ортиқ гидларни, шунингдек, сайёҳлик соҳаси мутахассисларини бир майдонга жамлади.
Форумнинг тантанали очилиш маросимини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов очиб берди. У ўз нутқида форум иштирокчиларини касб байрами – “Бутунжаҳон гидлар ва экскурсоводлар куни” билан самимий қутлаб, барча меҳмонларга ташрифлари учун миннатдорчилик билдирди.
"Бугунги кунда жаҳон сайёҳлик марказларидан бири, улкан сивилизациянинг бой меросини сақловчиси ҳамда "Буюк Ипак йўлининг юраги" бўлган Ўзбекистон, сайёҳликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун йирик халқаро майдон ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон сайёҳлик бозорида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Ички ва ташқи туризмнинг ривожланиши кузатилмоқда. Давлат даражасида туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида устувор аҳамиятга эга бўлиб, сайёҳлар сонининг ўсиши қайд этилмоқда. Айтиш лозимки, фақатгина 2018 йилнинг ўзида чет эллик сайёҳлар сони 2 миллион 600 мингдан 5 миллион 300 минггача ошди. Шунинг баробарида, сайёҳлик хизматлари экспорти ҳам ошиб, 546 миллион доллардан 1 миллиард 40 миллион АҚШ долларигача кўтарилди. Сайёҳлик маҳсулотининг сифатини таъминлаш борасида меҳмонлар ва сайёҳлар билан тўғридан - тўғри ишлайдиган гидлар, экскурсоводлар муҳим рол ўйнайди. 2019 йилнинг 20 февралида сайёҳлик бозори иштирокчиларини бирлаштирадиган янги тузилма - Ўзбекистоннинг гидлар уюшмасининг ташкил этилиши белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди, - дейди раис.
А.Аккулов янги ташкил этилган Уюшма гидлар ва таржимонларнинг манфаатларига хизмат қилишига, Давлат туризм қўмитаси билан ҳамкорликларни амалга оширишда воситачи вазифасини бажаришига ва ушбу соҳадаги мутахассислар фаолиятида юзага келадиган муаммолар ва масалаларни биргаликда ҳал қилишда ёрдам беришига ишонч билдирди.
Форумнинг тантанали очилиш маросими ва Миллий гидлар уюшмасининг тасдиқланиши эълон қилинганидан сўнг, тадбир дастурига мувофиқ уюшманинг биринчи ялпи мажлиси ўтказилди. Унда сайёҳлик экскурсиялари ташкиллаштитриш соҳасидаги хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг иштирокида 2019-2025 йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш консепсияси масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар хорижий мамлакатларнинг энг яхши тажрибалари, жумладан, ноқонуний гидлар фаолиятига қарши курашда Испания тажрибаси, шунингдек, амалиёт ва замонавий шароитларда муваффақиятли тенденциялар – Франциянинг гидлар уюшмаси тажрибалари билан ўртоқлашишди, ҳамда АҚШнинг Миллий сайёҳлик гидлари федерацияси (НФТГА) фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.
Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.