Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегациясининг Аммонга ташрифи доирасида, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов Иордания Ишбилармонлар уюшмаси раиси Ҳамди Таббаъа билан учрашди.
Иордания Ишбилармонлар уюшмаси (Jordanian Businessmen Association) мамлакатдаги етакчи ишбилармон доираларни бирлаштирувчи нуфузли ташкилот бўлиб, бизнес муҳитини яхшилаш, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва сармоявий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган фаолият олиб боради.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро манфаатли бизнес ташрифлар ташкил этиш, Ўзбекистон ва Иорданияда бўлиб ўтадиган кўргазма ва ярмаркалар бўйича маълумот алмашувини мунтазам равишда олиб бориш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учрашув якунлари бўйича жорий йилда Иордания ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.