Валюта курслари 30/01/2025
$1 – 12968.34
UZS – -0.05%
€1 – 13492.26
UZS – -0.36%
₽1 – 132.32
UZS – -0.56%
Қидириш
Ўзбекистон 29/01/2025 Инсон ҳуқуқлари уйида янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Инсон ҳуқуқлари уйида янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 29 январь куни Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилида)” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.

Ушбу тақдимот 1995 йил 15 сентябрда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллигига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 сентябрь – 11 октябрь кунлари бўлиб ўтган 57-сессиясида “Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинганига эътиборни қаратди. Ушбу халқаро ҳужжатларда барча давлатларнинг хотин-қизларни инсон ҳуқуқларидан тўлиқ ва тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари мустаҳкамланганлигини таъкидлади.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси раиси Гулрух Агзамова сўзга чиқди.

Жорий йилда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги нишонланиши бежиз эмас. Чунки 1995 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган мазкур халқаро-ҳуқуқий воситалар ўтган даврда бутун дунё миқёсида гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ривожига сезиларли ҳисса қўшди.

Ўз навбатида, ўтган йили Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги кенг нишонланганини қайд этиш лозим. Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши билан унда эътироф этилган гендер тенглик, аёллар ҳуқуқларини белгилаш ва кафолатлаш масаласига бағишланган халқаро миқёсдаги ҳужжат тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этганини таъкидлаш ўринлидир.

Натижада 1967 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги декларация қабул қилингани хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги кенг қамровли халқаро келишувни ишлаб чиқишда биринчи қадам бўлди. Айни чоғда, ушбу Декларация жинс бўйича камситишни тақиқловчи, шунингдек, давлатлар учун тавсиявий мазмунга эга бўлса-да, кутилган самарани бермади.

Шунинг учун халқаро ҳамжамият олдида бу борадаги глобал ҳаракатларга кўмаклашадиган ва давлатлар зиммасига алоҳида мажбурият юклайдиган шартнома қабул қилиш зарурати пайдо бўлгани туфайли 1975 йилда Мехико шаҳрида ўтказилган БМТнинг Аёллар ҳолати бўйича Бутунжаҳон конференциясида “Аёллар ўн йиллиги” (1975–1985) эълон қилинди. Конференция қарорига мувофиқ, беш йил давомида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ишлаб чиқилди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 1979 йил 18 декабрдаги 34/180-сонли резолюцияси билан қабул қилинди.

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (ёки CЕDАW Конвенцияси) йигирмата давлат томонидан ратификация қилинганидан сўнг, 1981 йил 3 сентябрда кучга кирди. Швеция ушбу ҳужжатни имзолаган илк давлат ҳисобланади. CЕDАW Конвенцияси хотин-қизларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига бағишланган халқаро қонун сифатида эътироф этилган. Мазкур ҳужжат БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тўққизта асосий Конвенциясидан бири бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг хотин-қизлар ҳуқуқлари борасидаги якдил қарашларини ифода этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1981 йилда БМТнинг Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш бўйича қўмитаси таъсис этилган. Қўмита ўз фаолияти доирасида Конвенциянинг асосий моддалари ижросини кўриб чиқиши ҳамда уларнинг мазмуни ва қўлланилиши бўйича тавсиялар бериши мумкин. Ушбу тавсиялар иштирокчи-давлатларга гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга эришишга қаратилган миллий қонунчилик манбаларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Бугунги кунга қадар Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни 189 мамлакат ратификация қилган. Конвенция 1995 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.

Конвенциянинг асосий принцип ва қоидалари миллий қонунчилигимизда, янада муҳими, 2023 йил апрель ойида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитлари яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга оид 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу ўринда, аввало, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар ҳақида сўз бормоқда.

Шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ҳисобига гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ҳуқуқий асослар тубдан мустаҳкамланди.

Мамлакатимизда БМТ Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш бўйича қўмитасининг даврий маърузалар юзасидан тегишли тавсияларини амалга ошириш борасида алоҳида механизм яратилган. Бу механизмни амалда татбиқ этиш жараёнларида соҳага тааллуқли барча ижроия ҳокимият органларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг давлат функцияларини тартибга солишга қўшган ҳиссасини ошириш бўйича фаол ишлар ўз самараларини амалда намоён этмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етказилди. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Тадбиркор аёллар сафи 37 фоизга кўпайди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Минтақада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида 2020 йилнинг декабрь ойида Марказий Осиё мамлакатлари Етакчи аёллар мулоқоти ташкил этилди. Ўзбекистон 2021 йилда мазкур Мулоқотга биринчи бўлиб раислик қилди.

Яна бир муҳим жиҳат: Янги Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришишдаги ютуқлари БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда ўз аксини топмоқда. Мамлакатимиз 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади.  Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни банд этди.

Шунингдек, ўтган йилда мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.

Жорий йилда дунёнинг барча тараққийпарвар мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида турли тадбирларни ўтказишга киришди.

Инсон ҳуқуқлари уйида ташкил этилган тўплам тақдимоти ана шу тадбирларнинг дастлабкисидир. Давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда гендер тенглик масалаларига қизиқадиган жами китобхонларга мўлжалланган ушбу янги тўпламдан Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг тўрт тилдаги – ўзбек, қорақалпоқ инглиз ва рус тилларидаги матни жой олган.

Тўпламни тайёрлаш, нашр этиш ва тақдимотини ўтказишдан мақсад айни Конвенцияда белгиланган халқаро стандартлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига бағишланган қоидаларнинг асл мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдир. Бу маърифий тадбир замирида, шунингдек, ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат нормаларини мамлакатимиз ижтимоий ҳаётига изчил татбиқ этиб боришга кўмаклашиш мақсади ҳам мужассам.

Тақдимотда сўзга чиққан экспертлар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил негизда давом эттирилаётганига эътиборни қаратиб, бу борадаги самарадор саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётганини эътироф этдилар. Бундай оқилона ва инсонпарвар сиёсат туфайли мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ишлари том маънода янги босқичга кўтарилганига юқори баҳо берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг