Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 07/10/2016 Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадриятларга содиқликнинг ёрқин намунаси
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадриятларга содиқликнинг ёрқин намунаси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “ХМТнинг “Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини кўриб чиқишга киришди.

Мазкур Конвенция 1948 йилда ХМТ Бош Конференциясининг 31-сессиясида қабул қилинган ва 1950 йилда кучга кирган. Конвенция преамбула, 4 бўлим ва 21 моддадан иборат бўлиб, ХМТнинг 8 та асоссолувчи Конвенцияларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ушбу Конвенция ХМТга аъзо бўлган 153 мамлакат томонидан ратификация қилинган. Конвенция преамбула, 4 бўлим (21 модда)ни ўз ичига олади ва қуйидагиларни кўзда тутади:

- ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, ушбу ташкилотларга кириш ҳуқуқи;

- ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларининг ўз Уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракатлар дастурини тасдиқлаш ва амалга ошириш ҳуқуқи;

- давлат органларининг бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчи аралашувидан эркинлик;

- ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларини тарқатиб юборишни ёки маъмурий тартибда улар фаолиятини тўхтатиб қўйишни таъқиқлаш;

- ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш ҳуқуқини эркин амалга оширишни кафолатловчи чоралар қабул қилиш.

ХМТ Уставига мувофиқ Конвенциянинг иштирокчи давлатлари ХМТга мазкур Конвенцияга оид ўз мажбуриятларини бажариш учун амалга оширган чора-тадбирлари тўғрисидаги маърузани тақдим этадилар.

Биринчи ва кейинги маърузалар ушбу Конвенция тегишли иштирокчи давлат учун кучга кирганидан сўнг камида уч йилда бир марта, шунингдек, ХМТ томонидан талаб этилган ҳолларда тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бирлашиш эркинлиги тамойилларини тўлиқ акс эттиради, қонунчилик амалиёти ХМТнинг “Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясига тўла мос келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси томонидан бирлашиш эркинлиги кафолатларини мустаҳкамловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган ва амалда қўлланилмоқда. Хусусан, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатлари ўрнатилган (Конституциянинг 34 ва 59 моддалари), мазкур кафолатлар шунингдек, 20 дан ортиқ ҳужжатларда, шу жумладан, “Касаба уюшмалари, улар ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ва Меҳнат кодексида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонунчилик касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини олиб боришни Конвенциянинг 9-моддасида белгиланганидек, Қуролли Кучлар, ички ишлар органлари, МХХ, ички қўшинлар ва бошқа ҳарбий тузилмаларни истисно қилган ҳолда, давлат секторида таъқиқламайди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ходимлар манфаатларини 14 тармоқ, 14 ҳудудий, 37 мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотларини бирлаштирган ва ўз сафларида 6 млн.дан ортиқ аъзога эга бўлган Касаба уюшмалари Федерацияси ифодалайди. 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК)нинг ассоциациялашган аъзоси бўлди, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва ХКУК ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисида Меморандум имзоланган ва амалда татбиқ этилмоқда.

Иш берувчилар манфаатларини 14 ҳудудий вакилликни ўз ичига олган ва иш берувчилар, шу жумладан, кичик бизнес манфаатларини ҳимоя қилувчи ва илгари сурувчи ҳамкор ҳисобланган Савдо-саноат палатаси ифодалайди. 2014 йилдан бошлаб Савдо-саноат палатаси Халқаро иш берувчилар ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси томонидан “ХМТнинг Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши – давлатнинг халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилишни янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадриятларга содиқлигининг яққол намунасидир.

Мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва регионал ташкилотларга янада интеграциялашуви ҳамда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари ҳимоясини халқаро стандартларга мувофиқ таъминлашни янада такомиллаштириш учун шароит яратади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг